Ўзбекистон | 17:03 / 01.11.2020
61745
7 дақиқада ўқилади

Зангиота шифохонасидан махсус репортаж: даволаш, таъминот ва танқидлар

Коронавирусга қарши кураш чоралари доирасида ушбу инфекцияга чалинган беморларни даволаш учун Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 2та махсус тиббиёт мажмуаси (Зангиота-1 ва Зангиота-2) қуриб фойдаланишга топширилган эди. Kun.uz мухбири қарийб беш ойдан буён фаолият кўрсатаётган шифохонадаги иш тизими ҳақида репортаж тайёрлади.

Махсус шифохона қандай қурилган?

Зангиота-2 шифохонаси директори Дониёр Миразимовнинг Kun.uz’га билдиришича, шифохона айнан коронавирус беморларини даволаш учун махсус лойиҳалаштирилган ва қурилган. Шифохона илк беморларни 6 июлдан қабул қила бошлаган. Шунингдек, вирусга қарши курашда тақсимот марказлари ҳам ташкил этилган. Масалан, Тошкент шаҳридаги «Экспо марказ», «Ёшлик», «Атлас»даги марказлар. Бу ерда ташхис ва вақтинча даволаш усуллари қўлланилади. Бундан кейин, муолажа учун йўлланма берилади. Махсус шифохоналарда эса беморларни даволаш учун имконият ва тажриба каттароқ.

«Бу ерда палаталар бокс услубида ташкил этилган, яъни унга бемор ташқари эшикдан киритилади. Бемор умумий йўлакда юрмайди, бошқа беморлар билан гаплашмайди. Даволаниш тугагач, яна ташқари эшикдан чиқариб юборилади», — деди у.

Шифохона директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Нурилло Тожиддиновнинг маълум қилишича, 18 гектар майдонга қурилган шифохона тўла қуввати 2 минг ўринга мўлжалланган. Айни пайтда унда 1,2 мингта ўрин фаолият кўрсатяпти. Тожиддинов бокс услуби қандай бўлиши ҳақида батафсил маълумот ҳам берди.

«Биноларнинг ҳаммаси бокс услубида қурилган дейилиши сабаби — палаталарнинг ҳар икки томонида эшиги бўлади. Бир эшик ташқари ҳовли томондан очилган, қабул бўлимидан чиққан бемор тез тиббий ёрдам машинасида шу эшик орқали палатага киритилади ва даволашдан сўнг олиб чиқилади. Иккинчи эшик умумий коридорга олиб чиқади ва анъанавий кўринишдаги палатанинг эшиги бўлади. У орқали фақат шифокор кириб чиқиши мумкин. Ҳар икки эшик орасида кичик масофадан сўнг иккиламчи эшик бўлиб, бири ёпилмай, иккинчиси очилмайди», — деди у.

Директор Миразимовнинг таъкидлашича, COVID-19 ҳали кўп ўрганилмаган, аммо шу нарса аниқки, вируснинг вирулентлиги жуда юқори, бошқача айтганда жуда юқумли вирус.

«Шу туфайли, ҳаводаги томчи зарра орқали юқиши муҳим аҳамиятга эга. Зангиота комплексида ламинар ҳаво алмашинув тизими жорий этилган. Ҳавони бундай шамоллатадиган тизим Марказий Осиёда ҳам йўқ. Бундан мақсад – бемор ётган хонадаги ҳаво доимо алмашиб туриши керак. Хонага эса гепафилтрдан ўтган ҳаво киради. Шартли равишда буни стерилланган ҳаво дейиш мумкин», — дея қўшимча қилди у.

Умумий даволаниш бўлимидаги хоналарга кирганимизда ҳар бир ётоқда марказлашган кислород бериш мосламалари мавжуд эканига гувоҳ бўлдик. Шифохона яқинида мураккаб тузилмага эга кислород заводи бор. У ерга кислород учта йўл билан етказилади: баллонлар орқали, суюқ ҳолда ва заводнинг ўзида тайёрланган кислороддан ҳам фойдаланилади.

Дори-дармон билан ким таъминлайди?

«Биз дори-дармон билан қанчалик таъминланганмиз? Кўпинча саволлар учраб туради: беморлар дори олиб келиши керакми? Яқинларидан дори сўраладими? Масалани қуйидагича тушунтираман: бевосита коронавирусга қарши қўлланиладиган дорилар билан шифохона тўлиқ таъминланган», — дейди Зангиота-2 шифохонаси директори.

Шифохона дорихонаси мудираси Феруза Мамасиддиқова ҳам ушбу маълумотни тасдиқлаб, бизни дорихона омбори билан таништирди. У ерда шаҳар дорихоналарида танқис бўлаётган, нархи осмон қадар ўсиб кетган вирусга қарши дорилар, хусусан «Ремдесивир», «Фавипиравир» ва «Ковипир» каби вирусга қарши препаратлар кўп эканлигига гувоҳ бўлдик.

Мамасиддиқованинг айтишича, ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама бўлаётган «Плаквенил» дори воситаси шифохонада ишлатилмайди.

Шифохонанинг Даволаниш 1Б бўлими мудири Барно Мусаеванинг Kun.uz’га маълум қилишича, бемор ёки унинг яқинларидан коронавирусга қарши ишлатиладиган дориларни олиб келиш сўралмайди. Аммо беморнинг йўлдош касаллиги бўлса, беморда сурункали касалликлар, ноёб касалликлар аниқланиб, уларга қарши қўлланиладиган дориларни қабул қилган бўлса, буларни давом эттириш тавсия этилиши мумкин.

«Шифохонада жой бор»

Бўлими мудири Барно Мусаеванинг айтишича, шифохонанинг қабул ва диагностика бўлимида тегишли барча текширувлардан ўтган бемор зудлик билан умумий даволаниш ёки реанимация бўлимига қабул қилинади.

«Беморнинг текшируви натижалари бўйича тиббий муолажа тарихи тўлдирилади. Бемор қабул бўлимидан тез тиббий ёрдам машинасида бизнинг бўлимга юборилганда, у ҳақда барча маълумотлар электрон тартибда келиб тушади ва тиббий ходимлар бемор учун хонани ҳозирлайди», — дейди у.

Шифохона тиббий статистикасини юритувчи масъул ходим Яҳё Зиёев шифохонадаги жойлар, беморлар ҳақида сўнгги маълумот берувчи махсус ахборот портали ҳақида гапириб берди.

«Реал вақтда даволаш муассасасининг А блокини текшириб кўрсак, 101-хонада 2 нафар аёл бемор даволанмоқда ва шу хонада битта жой бўш. Ахборот портали орқали барча маълумотларни зудлик билан текшириб олиш мумкин. Унга кириш ҳуқуқи нафақат шифохона ходимлари, балки шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси, вазирлик ходимларида ҳам мавжуд. Шунингдек, портал беморнинг касаллик даражаси ва аҳволи ҳақида сўнгги маълумотни беради. Масалан, 26 октябрь куни кечки соатга нисбатан бир беморнинг оксигинацияси 96 фоизни ташкил этади, нафас сони 20та. Хуллас, беморнинг қандай дори қабул қилганидан тортиб, даволаш учун зарур барча маълумотлар шу ерда йиғилади», — дейди у.

Таъкидланишича, шифохона ташқарисида жойлаштирилган телефон орқали беморнинг яқинлари қабул ва диагностика бўлими билан боғланиб, ахборот порталига киритилган бемор ҳақидаги сўнгги маълумотларни сўраб олиши мумкин. Шунингдек, бемор билан унинг хонасида жойлашган телефон орқали суҳбатлашади.

Kun.uz жамоаси ўлим статистикасининг тузилиши, майитни олиб кетишдаги қийинчилик, реанимация бўлимида даволанаётган оғир аҳволдаги беморлар тақдирига қизиқди. Шифокорлар беморни қабул қилиб олишдан то реанимацияда даволаш ва сақлашгача бўлган занжирда амалга ошириладиган барча ҳаракатларни кўрсатиб беришга ҳаракат қилишди.

Махсус репортажни YouTube орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Алишер Рўзиохунов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж усталари:
Отахон Юсупов, Асад Алланазаров.

Мавзуга оид