Конституциявий суд прокурорларнинг иккита ваколатини бекор қилишга чақирди
Конституцияга кўра, Ўзбекистонда уйни тинтув қилишга, телефонлар ва бошқа қурилмалардаги сўзлашувларни эшитиб туриш суд қарорига асосан амалга оширилиши керак. Амалдаги қонунчиликда бундай ваколат прокурорларда ҳам бор. Конституциявий суд бу нормани ўзгартириш бўйича лойиҳани қисқа фурсатда парламентга киритишга чақирди. Конституциявий суднинг қарори Олий Мажлис палаталари ва президентга юборилган.
6 декабр куни Конституциявий суднинг навбатдаги мажлисида Ўзбекистондаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборот кўриб чиқилди ва қабул қилинди.
Конституциявий суд қонунчиликни Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича бошланган ишларни янада жадаллаштиришга чақирди. Унга кўра:
- шахснинг ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон ва бошқа хабарларини сир сақлашга бўлган ҳуқуқини чеклашни, уй-жойда тинтув ўтказишни фақат суд қарорига асосан амалга оширишга оид конституциявий қоидалар асосида Жиноят-процессуал кодекси тегишли нормаларни қисқа муддатларда қайта кўриб чиқиш,
- шахснинг сукут сақлашга оид конституциявий ҳуқуқларини жиноят процессида ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш жараёнида тўлақонли таъминлаш мақсадида ушбу институтни жиноят-процессуал, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликда батафсил акс эттириш лозим.
Ўзбекистон Конституциясининг 31-моддасига кўра, ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади. Бундан ташқари, ушбу норманинг ўзида уй-жойда тинтув ўтказишга “фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан” йўл қўйилиши ёзилган.
Шу билан бирга, амалдаги Жиноят процессуал кодексининг 382-моддасига кўра, тинтув ўтказишга, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туришга рухсат бериш прокурорнинг ваколатларига киради. Конституциявий суд айни шу ваколатларни тезроқ судларга ўтказишга чақирмоқда.
Мавзуга оид
18:34 / 11.12.2024
Қурувчи ташкилотлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш зарур — Конституциявий суд
15:14 / 02.12.2024
Миробод прокурори электр энергиясини тежаш бўйича рейд ўтказди. Тармоқ соатига 19 980 сўмлик юкламадан халос қилинган
08:50 / 19.11.2024
Уч ҳудудда 671 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди
22:39 / 13.11.2024