Жаҳон | 08:36 / 20.05.2024
6276
2 дақиқада ўқилади

Blue Origin коинотга сайёҳларни жўнатишни қайта бошлади

Деярли икки йиллик танаффусдан сўнг Жефф Безос компанияси олти нафар сайёҳни коинотга жўнатди.

Фото: Isaiah J. Downing/Reuters

Америкалик миллиардер Жефф Безосга тегишли Blue Origin компанияси қарийб икки йиллик танаффусдан сўнг 19 май, якшанба куни олти нафар сайёҳни коинотга жўнатди.

New Shepard ракетаси ва капсуласи Ғарбий Техасдан учирилгани хабар қилинган. Кемада олтита мижоз бор: венчур капиталист Мейсон Энжел, француз ишлаб чиқарувчиси Силвен Широн, дастурий таъминот муҳандиси ва тадбиркор Кеннет Л. Хесс, истеъфодаги ҳисобчи Кэрол Шаллер, авиатор Гопи Тотакура ва АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг истеъфодаги капитани Эд Дуайт. Дуайт 1961 йилда президент Жон Кеннеди томонидан мамлакатнинг биринчи қора танли астронавтига номзод сифатида танланган. 90 ёшли Дуайт коинотга саёҳат қилган энг кекса одамга айланди. 

Парвоз давомида кема соатига 3200 километрдан ортиқ тезликка эришди ва Ердан тахминан 100 километр баландликка кўтарилди. Шундай қилиб, космик саёҳатчилар сайёрага орбитадан қараш ва вазнсизликни бошдан кечириш имкониятига эга бўлишди. Умуман олганда, парвоз 10 дақиқадан озроқ давом этди ва одатдагидек кечди. 

Жефф Безоснинг 2021 йилда коинотга парвози 

2021 йил июл ойида миллиардер Жефф Безос шахсан Blue Origin компаниясининг New Shepard ракетасида коинотга учди. Ўшанда у билан бирга бортда унинг акаси Марк, 82 ёшли учувчи Уолли Фанк ва 18 ёшли нидерландиялик Оливер Дэмен бўлган. Дэмен коинотга саёҳат қилган тарихдаги энг ёш одам бўлди. 

Мавзуга оид