ACWA Power 2 та шамол электр станциясидаги 35 фоиз улушини сотди
Саудия компанияси ACWA Power Бухорода қурилаётган Баш ва Жанкелди шамол электр станцияларидаги 35 фоиз улушини Хитойнинг China Southern Power Grid International компаниясига сотди.
17 июл куни Тошкент шаҳрида Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси Бухоро вилояти Пешку ва Ғиждувон туманларида қурилаётган, ҳар бири қуввати 500 Мвт бўлган – Баш ва Жанкелди шамол электр станцияларидаги 35 фоиз улушини сотиш тўғрисида Хитойнинг China Southern Power Grid International компанияси билан битим тузди.
Компания матбуот хизмати хабарига кўра, битим якунига бағишланган тадбирда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, вазир ўринбосари Умид Мадаминов, Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Ҳамуд Турки Алмутаири, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори ўринбосари Абдуллажон Отабоев, ACWA Power бош директори Марко Арcелли ва CSG вице-президенти Танг Йифенг қатнашган.
Хабарда битим қиймати очиқланмаган.
“Ушбу битим Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергетикани ривожлантиришда муҳим босқич бўлди. Бу ACWA Power ва China Southern Power Grid International ўртасида Марказий Осиёда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга оид кенг кўламли лойиҳа бўйича биринчи қўшма инвестиция битимини ифодалайди”, - дейилади ACWA Power хабарида.
Баш ва Жанкелди ШЭС ҳақида
Бухоронинг икки туманида шамол электр станцияларини қуриш бўйича президент фармони 2021 йилда имзоланган.
Бу икки лойиҳа қуввати жами 1000 Мвтга тенг бўлиб, ACWA Power уларнинг қурилишини 2022 йилда бошлаган. Шамол электр станциялари 2024 йилда фойдаланишга топширилиши керак эди.
Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон миллий электр тармоқлари компанияси билан 25 йиллик шартнома имзолаган. Шамол электр станцияларини молиялаштириш халқаро молия институтлари кўмагида амалга ошириляпти.
Қурилиши бошланган вақтда Баш ва Жанкелдида шамол тун-у кун эсиб тургани сабаб тўхтовсиз электр энергияси ишлаб чиқариш имкони бўлиши маълум қилинганди. 1 ГВт (1000 Mвт) қувватга эга станциялар республикада ишлаб чиқарилаётган 6,3 фоиз электр энергиясига тўғри келади.
Энергетика вазирлиги станциялар йилига 3,6 миллиард kWh электр энергияси ишлаб чиқариши, бунинг натижасида (йилига) 1,1 млрд куб табиий газ иқтисод қилинишини маълум қилганди. Шу билан бирга, шамол электр станциялари 1 миллион хонадонни электр энергияси билан таъминлайди.
ACWA Power компанияси инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бутун даври мобайнида шамол электр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ҳамда эксплуатация қилиш, ҳар бир инвестиция лойиҳаси бўйича юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммасига олган ҳолда жами дастлабки баҳолаш бўйича 650 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестиция жалб этиш мажбуриятини олган.
Баш ва Жанкелди шамол электр станциялари қуриб битказилгач, Марказий Осиёдаги қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича йирик лойиҳалардан бирига айланади.
Мавзуга оид
07:50
Хитой Ўзбекистонда шамол турбиналари учун қанот ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда
22:39 / 04.11.2024
Хитой Европа Иттифоқи билан электромобиллар бўйича «савдо урушига» киришди
18:33 / 04.11.2024
Абдулла Арипов Шанхайда Хитой бош вазири билан учрашув ўтказди
18:27 / 02.11.2024