Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазода сулҳнинг 2-босқичига ўтилди: бу нимани англатади?
Трампнинг ташаббуси билан илгари сурилган Ғазода тинчлик режасининг 2-босқичи ташқи томондан тинчлик ва тикланиш ваъдаларига бой кўринади. Аммо ҳужжат мазмунига чуқурроқ назар ташланса, ЦАХАЛ ва ҲАМАС борасида номуносиб ёндашув борлиги акс этади. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар мазкур мавзу хусусида сўз юритди.
— Сулҳнинг иккинчи босқичи қандай амалга оширилади?
Шавкат Икромов: Иккинчи босқичда Фаластин технократлар кенгаши иш бошлайди. Унга фаластинлик мутахассис Али Шас раҳбарлик қилади, кенгаш 15 нафар аъзодан иборат бўлади. Аъзоларнинг барчаси минтақани чуқур биладиган, тажрибали мутахассислар сифатида тақдим этилмоқда. Трампнинг ўзига хос риторикасига кўра, бу “дунёдаги энг яхши кенгаш” бўлиши керак.
Энди асосий савол бу кенгашнинг реал ваколатлари нимадан иборат? Эълон қилинган дастлабки ҳужжатларга кўра, унинг вазифалари ўтиш даврини қўллаб-қувватлаш, қайта қуриш жараёнларини мувофиқлаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини тиклаш ҳамда Ғазо ҳудудининг техник инфратузилмасини қайта қуришни рағбатлантиришдан иборат. Иккинчи босқичда Али Шас бошчилигидаги технократ ҳукумат айнан шу йўналишларни назорат қилиши ва мувофиқлаштириб бориши керак. Бироқ бу ерда қатор жиддий саволлар юзага келади.
Режанинг энг баҳсли жиҳатларидан бири – Ғазо ҳудудида қурол кўтариш ваколатига эга бўлмаган шахсларни қуролсизлантириш бандидир. Режанинг 20 банддан иборат асосий қисмига кўра, Ғазодаги ҲАМАС жангчилари қуролсизлантирилиши лозим. Шу билан бирга, Исроил аскарларида қурол олиб юриш ҳуқуқи сақлаб қолинади. Амалда бу Ғазо ҳудудида қурол кўтаришга фақат Исроил ҳарбийлари ваколатли бўлиб қолишини англатади. Бу ҳолат эса маҳаллий аҳоли учун жиддий муаммолар туғдиради.
Ғазода ҳозирги вақтда ҳуқуқий тартибот тўлиқ ишламаяпти, жиноятчилик ва назоратсизлик кучайган. Бундай шароитда ўзини Исроил ҳарбийларидан ёки маҳаллий қуролли гуруҳлардан ҳимоя қилишга уринаётган фуқароларга ҳам қурол олиб юриш тақиқланиши адолатли саволларни келтириб чиқармоқда. Шартноманинг умумий мазмуни шундай таассурот уйғотадики, гўё Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий мавжудлиги технократ бошқарув ёки бошқа номлар остида ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилаётгандек. Яъни Исроил оккупацияси билвосита легитимлаштирилаётгандек кўринади.
“Ғазони қайта қуриш” тушунчаси ҳам асосан техник ёндашув билан чекланган. Гап биноларни, йўлларни ва инфратузилмани тиклаш ҳақида бормоқда. Аммо сиёсий бошқарув, фуқаролик институтларини қайта шакллантириш ёки маҳаллий бошқарув органларини яратиш масалалари режанинг марказида эмас, иккинчи даражага сурилган.
Яна бир муҳим масала Исроил аскарларининг Ғазодан чиқиб кетиш муддати ва механизми. Ҳозирги вақтда Исроил армияси Ғазо ҳудудининг 50 фоиздан ортиқ қисмини назорат қилмоқда. Хариталарда сариқ чизиқ билан белгиланган ҳудудлар де-факто Исроил ҳарбийлари мавжудлигини “қонунийлаштираётгандек” тасвирланмоқда. Иккинчи босқичда бу ҳудудлардан босқичма-босқич чиқиб кетиш назарда тутилган, бироқ қачон, қандай тартибда ва охирги аскар қачон чиқиб кетиши ҳақида аниқ бандлар мавжуд эмас.
Тўғри, иккинчи босқич ҲАМАС томонидан нисбатан ижобий қабул қилинди. Технократ бошқарув жорий этилиши ва Али Шаснинг раҳбар этиб тайинланиши қўллаб-қувватланди. Али Шас Фаластин маъмуриятида ишлаган, Рамаллоҳда фаолият юритган маҳаллий кадр сифатида танилган. Шунга қарамай, ҳуқуқий, стратегик ва инсоний нуқтайи назардан қаралганда, режанинг иккинчи босқичи юзасидан саволлар жуда кўп. Айнан шу ноаниқликлар унинг амалда қандай ишлаши ва барқарор натижа бериш-бермаслигини жиддий шубҳа остига қўймоқда.
Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
15:24 / 02.04.2026
🔴 LIVE: Хитойнинг таклифи ва НАТОдаги парчаланиш | "Геосиёсат"
09:25 / 02.04.2026
Исроил “Ҳизбуллоҳ”нинг “Жанубий фронт” қўмондонини ўлдирди
21:34 / 01.04.2026
Франция президенти Фаластиннинг биринчи элчисидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди
08:33 / 01.04.2026