Жаҳон | 09:25
1061
3 дақиқада ўқилади

Исроил “Ҳизбуллоҳ”нинг “Жанубий фронт” қўмондонини ўлдирди

“Ҳизбуллоҳ”нинг “Жанубий фронт” қўмондони Юсуф Исмоил Ҳошим Байрутнинг Жнах туманига Исроил денгиз кучлари берган зарба оқибатида ҳалок бўлди. Шу пайтда Ливан пойтахтида портлашлар содир бўлди.

Фото: Al Jadeed

Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ҳарбий раҳбарларидан бири Юсуф Исмоил Ҳошим Исроилнинг Байрутдаги Жнах туманига берган зарбаси натижасида ҳалок бўлди. Бу ҳақда 1 апрел, чоршанба куни AFP агентлиги ва Ливаннинг Al Jadeed телеканали хабар қилди. Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ушбу ҳужум оқибатида жами етти киши ҳалок бўлган.

Зарба пайтида Ҳошим “Ҳизбуллоҳ” раҳбарларининг сайёр чодирда ўтаётган йиғилишида иштирок этаётган бўлган. “Ҳизбуллоҳ”га яқин манбаларнинг таъкидлашича, у “уруш бошланганидан бери нишонга олинган энг юқори лавозимли амалдор” бўлган.

Исроил мудофаа армияси — ЦАҲАЛ баёнотида айтилишича, “Ҳизбуллоҳ”нинг “Жанубий фронт” қўмондони Юсуф Исмоил Ҳошим 31 март куни кечқурун Исроил денгиз кучлари томонидан амалга оширилган “аниқ зарба” натижасида ўлдирилган.

ЦАҲАЛ вакили Авихай Адраи таъкидлашича, “Жанубий фронт” — бу “Ҳизбуллоҳ”нинг Исроил фуқароларига қарши фаолиятини амалга ошириш ва Ливан жанубида ЦАҲАЛ кучларига қарши жанг ҳаракатларини бошқариш учун масъул бўлган бўлинмасидир. Унинг сўзларига кўра, Ҳошим қўмондон сифатида Исроил ҳудудига ракета ва дронлар учиришни бошқарган, шунингдек, ташкилотнинг ҳарбий салоҳиятини тиклаш билан шуғулланган.

Байрутда бир неча кучли портлаш овозлари эшитилган, Жнах туманида эса тутун устуни кўтарилган. Маҳаллий аҳолидан бири AFP'га айтишича, у тунда кучли портлаш овозини эшитган. Бу ҳудудда кўплаб мажбурий кўчирилганлар очиқ осмон остида тунаб қолмоқда.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроилнинг “Ҳизбуллоҳ”га қарши 2 мартдан бери олиб бораётган уруши бошланганидан буён 1318 киши ҳалок бўлган. Вазирлик талқинига кўра, қурбонлар орасида 91 аёл, 125 бола ва 53 нафар тиббиёт ходими бор. Шунингдек, идора маълумотига кўра, 3900 дан ортиқ киши яраланган. Уларнинг қанчаси жангчи экани эса маълум эмас.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан кейин, Теҳрон молиялаштирадиган Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Исроилга қарши зарбаларни қайта бошлади. Бунга жавобан, ЦАҲАЛ Ливан жанубидаги гуруҳ объектларига яна ҳаво ҳужумларини амалга ошира бошлади.

“Ҳизбуллоҳ” 15 март куни Ливан жанубида Исроил армияси билан тўғридан тўғри жанг тўқнашувлари бўлганини маълум қилди. ЦАҲАЛ эса ушбу жангларда икки нафар исроиллик ҳарбий ҳалок бўлганини билдирган.

22 март куни ЦАҲАЛ Бош штаби раҳбари, генерал-лейтенант Эял Замир “Ҳизбуллоҳ”га қарши қуруқликдаги операцияни кенгайтириш режаларини эълон қилди. Жангчиларга қурол етказиб беришни тўхтатиш мақсадида Исроил ҳарбийлари Ливан жанубини мамлакат марказий қисми билан боғлаб турган Литани дарёси устидаги кўприкни вайрон қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид