Жамият | 10:40 / 14.08.2024
9313
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 18 ёшли йигит бассейнда ток уриши оқибатида вафот этди

2006 йилда туғилган йигит чўмилишдан сўнг сувдан чиқиб, танаси нам ҳолда электр энергия “розетка”си устига оёғини қўйган ва ток уриб йиқилган. У берилган ёрдамларга қарамасдан вафот этган. Ҳолатдан сўнг сув ҳавзасининг фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Фото: Видеодан кадр

Қарши туманидаги сув ҳавзасида 18 ёшли йигит вафот этди. Бу ҳақда «Марказий студия» хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 12 август куни содир бўлган: Қарши шаҳрида ижарада яшаб келган, 2006 йилда туғилган косонлик йигит тушдан сўнг ўз яқинлари билан чўмилиш мақсадида сув ҳавзасига борган.

Дастлабки маълумотларга кўра, йигит бассейнда чўмилиб чиқиб, усти нам ҳолатда электр энергия “розетка”си устига оёғини қўйган. Эҳтиётсизлиги оқибатида уни ўша ерда ток урган.

Сув ҳавзасининг фаолияти бошлаганига эндигина икки ой бўлган.

Боланинг усти нам бўлган. У телефон қувватлаш учун ўрнатилган “розетка” устига оёғини қўйган. Ток урган деб тахмин қиляпмиз. Ҳозирда экспертиза жараёнлари кетмоқда. Шундан кейин ҳаммасига аниқлик киритилади”, деган тадбиркор Нуриддин Пирназаров.

Воқеа содир бўлганидан сўнг марҳумнинг яқинлари тез тиббий ёрдам бўлимига қўнғироқ қилишган. Унга қадар эса йигитга ўша манзилда бўлиб турган шифокорлар ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилган. Аммо берилган ёрдамларга қарамай йигит вафот этган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган ва терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Сузиш ҳавзаси фаолияти эса вақтинча тўхтатилган.

Мавзуга оид