Light | 22:00 / 21.04.2020
53893
4 дақиқада ўқилади

«Ҳар баҳорда тўлиб-тошадиган тоғ дам олиш масканларида ажиб сокинлик». Зоминнинг бугунги манзараси

Хушҳаво Зомин тоғининг мўъжаз Тоғтерак қишлоғида яшовчи муштарийимиз Нодирбек Йўлдошев ўзи яшаётган масканнинг айни кунлардаги суратларини юборди. Биз эса фурсатдан фойдаланиб ундан бугунги кунда тоғлардаги ҳолат, дам олувчилар ташрифи ва карантиннинг тоғ ичидаги қишлоқларга таъсири ҳақида сўрадик.

– Нодирбек, тоғларда нима гаплар?

– Тоғ табиати ҳар қачонгидан ҳам гўзал. Ҳар йили бу кунларда тўлиб-тошиб кетадиган дам олиш масканларида ажиб сокинлик ҳукм суряпти. Ҳордиқ чиқариш ва шифо мақсадида одамлар йиллаб навбат кутадиган «Зомин» санаторийси ҳам келиб-кетувчилардан холи. Фақат энг асосий ишчилар қолган.

Ўзим санаторийдан 14-15 чақирим пастроқда яшайман, уйимда кичик оилавий меҳмон уйи очганман. Ўтган йиллари олдиндан буюртма олардик, бу йил ҳеч ким йўқ.

– Демак, бу йилги туристик мавсум «барбод бўлди», дейишга асос етарлими? Бу ҳудудий аҳоли кайфиятига ҳам салбий таъсир қилгандир?

– Албатта, иқтисодий жиҳатдан таъсири бор. Лекин мен «барбод бўлди» демаган бўлардим. Аксинча, табиат биз одамлардан бир йил дам олди, нафас ростлади, ҳордиқ чиқарди.

Олдинлари баҳордан бошлаб, тоғлар ичи худди гавжум шаҳардек бўлиб кетарди. Дам олувчилар келиши яхши албатта, лекин афсуски, кўпчиликнинг табиатга муносабати киши дилини хира қилади. Синдирилган арчалар, топталган майсалар, сочиб ташланган чиқиндилар ҳали бу борадаги маданиятимиз пастлигини кўрсатади. Ахир бу тоғлар умумхалқ мулки-ку. Бу йил эса ўт-ўланлар ҳам, арчалар ҳам ўзгача барқ уриб ўсишяпти, назаримда.

Шахсан ўзим бу касалликни ўзига ҳаддан зиёд ишонган, техникага қаттиқ суяниб қолган ва табиатга аёвсиз озор беришга ўрганган одамзод учун бир синов сифатида қарайман. Ҳозир жиддий ўйлаб кўришнинг, муносабатни ўзгартиришнинг айни вақти.

– Қишлоқларда карантин қоидаларига риоя қилиняптими?

– Биз яшаётган ҳудудларда асосан қирғиз миллатига мансуб аҳоли ва турли миллат вакиллари ҳамиша иноқ бўлишган. Мана шундай кунларда қишлоқнинг шаҳардан ўзига хос устунлигини ўзим учун яна бир бор ҳис қилдим. Болалар эмин-эркин ўйнаб юришибди, ҳаво ниҳоятда мусаффо, зилол сувлар шарқираб оқиб турибди.

Шаҳарда бу пайтда одамлар кўп қаватли уйларда ўтиришибди. Лекин бу ҳам бир синов, тезда тугашига умид қиламан.

Зомин тумани марказидан тоғга чиқиш ҳам, тушиш ҳам назорат остида, йўловчилар фақат зарур ҳолатлардагина ўтказилади. Ўзим ўқитувчиман, мактаб ёпиқлигига қарамай болаларнинг ўқишини имкон қадар назорат қилишга уриняпмиз.

– Тоғ қишлоқларидаги азалий муаммолар – «чироқ ўчиши» ва интернет йўқлиги оз бўлса ҳам ечимини топдими?

– Оз эмас, анчагина ечимини топди. Олдингидек кунлаб, ҳафталаб узилишлар йўқ. Лекин зерикиб қолишмасин дейишса керак – чироқ ҳар замонда бир-икки соат ўчади барибир.

Интернетга келсак, охирги йилларда бу борада анча силжиш бўлди. Мана, сиз билан ҳам интернет орқали бемалол мулоқот қилиб турибман. Яқин йилларгача ҳам буни тасаввур қилиш қийин эди.

– Қизиқарли суҳбат учун раҳмат.

– Халқимизни тезкор ахборот билан таъминлаб турган Kun.uz сайтига раҳмат. Бизда ҳам кўпчилик кунни шу сайтни кузатишдан бошлашади. Насиб қилса, карантинлар тугаб, йўллар очилганда албатта жамоа билан келинглар, дам олиб кетасизлар.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Суратлар муаллифи Ҳусниддин Ҳазратқулов

Мавзуга оид