08:12 / 20.06.2024
5009

Хитой Фарғонада йирик автомобилсозлик мажмуасини барпо этади

China Xiaou Group вилоят ҳудудида 3 босқичда 1,5 млрд доллар тўғридан тўғри Хитой инвестицияси ҳисобига йирик автомобилсозлик мажмуаси барпо этиш лойиҳасини амалга оширади.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти расмийлари ҳамда тадбиркорларидан иборат делегациясининг Хитойга ташрифи давомида China Xiaou Group компанияси билан музокаралар ўтказилиб, вилоят ҳудудида 3 босқичда 1,5 млрд доллар тўғридан тўғри Хитой инвестицияси ҳисобига йирик автомобилсозлик мажмуасини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишув имзоланди.

China Xiaou Group раҳбари Хуан Хе билан ўтказилган музокаралар давомида ушбу лойиҳанинг дастлабки босқичида 50 млн доллар инвестиция ҳисобига йиғиш, бўяш, созлаш линияларини йўлга қўйиб, йилига 60 мингта газ, электр ва гибрид моторли автомобиллар ҳамда махсус транспорт воситалари ишлаб чиқарилиши белгиланди. 

Иккинчи босқичда 350 млн доллар ва учинчи босқичда 1,1 млрд доллар инвестиция йўналтирилиб, бутловчи қисмларнинг кўпи маҳаллийлаштирилиши ҳамда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар сони 110 мингтага етказилиши кўзда тутилган. Лойиҳа 5 йил давомида тўла якунланиши режалаштирилган.

Вилоят раҳбари бошчилигидаги делегация Чжэньцзян шаҳрида жойлашган, China Xiaou Group компаниясининг ҳамкори ҳисобланган BAIC Bluepark Magna Automobile заводида ҳам бўлиб, электромобиллар ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Янги автомобил моделларини ишлаб чиқиш ҳамда тадқиқ этишга ихтисослашган ушбу корхонада асосан Arcfox, шунингдек, BJEV ҳамда Huawei технологиялари қўлланган Stelato моделлари, йилига 150 мингдан зиёд электромобиллар ҳам ишлаб чиқарилади.

 

Top