Ўзбекистон | 08:43 / 26.10.2018
5724
3 дақиқада ўқилади

Янгиерда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш заводи, Навоий вилоятида фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш комплекси қурилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида кимё саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Президент қарорига кўра мавжуд ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва кенгайтириш ҳамда янги қайта ишлаш қувватларини яратишга қаратилган, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 4,8 миллиард АҚШ долларига тенг 29 та инвестициявий лойиҳа асосан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда амалга оширилиши белгиланмоқда.

Инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида «Ўзкимёсаноат» АЖ қуйидагиларни таъминлайди: 

•  «Фарғонаазот» АЖ ва «Қўқон суперфосфат заводи» АЖни хорижий инвесторларга сотиш мақсадида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, кенгайтириш ва диверсификация қилиш бўйича 2018 йил 30 декабрга қадар ушбу жамиятларнинг активларини мустақил баҳолашни якунлаш;

•  Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш заводини қуриш бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун, кейинчалик «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги лойиҳалар ва импорт контрактларни комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКда комплекс экспертиза қилиш шарти билан, кимё соҳасида тажрибага эга хорижий компания билан истисно тариқасида тўғридан-тўғри музокаралар асосида шартнома тузиш;

•  Навоий вилоятида фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш комплексини қуриш бўйича 2019 йил август ойига қадар Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда хорижий ташкилот томонидан фосфорли хомашё майдонини баҳолаш (экспертизадан ўтказиш) асосида инвестициявий лойиҳани амалга ошириш концепциясини ишлаб чиқишни.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва «Ўзкимёсаноат» АЖ билан биргаликда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш натижаларига кўра, «Йўл харитаси»да кўрсатилган истиқболли инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришнинг аниқ манбаларини белгилайди.

Бунда кимё соҳасида ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва кенгайтириш, янги қайта ишлаш қувватларини яратишга қаратилган янги инвестициявий лойиҳалар асосан тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига амалга оширилиши белгиланмоқда.

Халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда тармоқ корхоналарининг инвестициявий жозибадорлиги ва минерал ўғитлар ишлаб чиқаришда энергия тежамкорликни ошириш бўйича ишлар амалга оширилаётгани маълумот учун қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 15 апрелига қадар халқаро консалтинг компанияларининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, кимё саноати тизимини ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича таклиф киритади. 

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид