«Амалдорларни математика ва логикадан имтиҳон қилиш керак» — 3 ойда IELTS'дан 7 олган математик қиз ҳикояси
Нодира Саъдуллаева – 10дан ортиқ математика олимпиадалари ғолибаси. У математикани ўрганиши, 3 ойда қандай қилиб IELTS'дан 7 балл олгани, TikTok кўрадиган ёшлар, математика ва мантиқнинг жамият учун аҳамияти ҳақида Kun.uz'га сўзлаб берди.
Нодира Тошкент шаҳридаги Муҳаммад Aл-Хоразмий номидаги ахборот коммуникация ва технологияларга ихтисослаштирилган мактабнинг 11-синфини тамомлади.
У кўплаб халқаро олимпиадалар ғолибаси бўлиш билан бирга, Халқаро фахрли ёшлар жамияти (International Juniors Honor Society) ҳамда БМТнинг Халқаро болалар фондида Ўзбекистон Ёшлар делегацияси аъзоси ҳамдир.
«Киши математикани аниқ билсагина мантиқий фикрлаши ривожланади ва бошқа фанларни ҳам тўғри тушуна бошлайди»
— Ойим математика фанидан дарс берадилар. 6 ёшимдан бошлаб ўқишга, умуман билим олишга жуда ҳам қизиқаман ва шу ёшдан ойимдан математикани ўрганишни бошлаганман. Чунки киши математикани аниқ билсагина мантиқий фикрлаши ривожланади ва бошқа фанларни ҳам тўғри тушуна бошлайди.
4-синфдан математикани ўрганишни ва олимпиадаларга тайёрланишни бошлаганман. Халқаро олимпиадаларга 7-синфдан қатнашганман. Бу – «Формула Единства/Третье тыcячелетие» олимпиадаси бўлиб, унда 3-ўринни қўлга киритганман. 2019 йилда президент ташаббуси билан очилган Муҳаммад Aл-Хоразмий номидаги ахборот коммуникация ва технологияларга ихтисослаштирилган мактабига кирганман.
«Бошқарув лавозимидагилар ҳам математика ва мантиқдан имтиҳон топширса, бюджетни исроф қилмайди»
— Математика инсонга аниқ бир формулалар орқали мисол ечишдан ташқари, унинг ўйлаши, фикрини ҳам кенгайтиради. Ҳаётнинг ҳар бир жиҳатида мантиқни кўради ва бунда энг яхши натижаларга эриша олади.
Ўйлайманки, математика фақат математик, физик ёки аниқ фан билан шуғулланувчилар учун эмас, балки ҳар қандай касб эгаларига керак бўлади.
Инсоннинг мантиқий фикрлаши ёш даврларида ривожланади. Шунинг учун фарзандингизнинг келажакда математик бўлишини хоҳламасангиз ҳам, аниқ фан бўйича ишлашини хоҳламасангиз ҳам, ҳеч бўлмаса, унга 10 ёшигача математикани ўргатиш керак. Шунда мантиқий ўйлаши яхши шаклланади ва келажакда қандай ишда ишласа ҳам, тўғри қарорга кела олади.
Ўйлайманки, юқори лавозимда ишлайдиганлар, яъни ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ёки бошқа бошқарув лавозимида ишлайдиганларни ҳам математика ва логикадан имтиҳон қилиш керак. Чунки улар шундагина келажакда тўғри мантиқий ечимларни топади, яъни бюджетни исроф қилмайди, халқ ҳам қийналмайди. Aйнан шундай тўғри фикрли, тўғри ўйлай оладиган инсонлар бошқарув лавозимларида ишлаши керак деб ўйлайман.
«5 ёшимда энциклопедия ўқий бошлаганман»
— 5 ёшимда энциклопедия ўқий бошлаганман. Яъни математикага қизиқишдан аввал, умумий ҳамма фанларга ҳам қизиққанман. Кичкина пайтимда энг яхши кўрган ишим – кўчага чиқиб ўйнаш ёки қўғирчоқларни ўйнаш эмас, айнан энциклопедия ўқиш бўлган.
Ўйинлар ўйнаганда ҳам мантиқий ўйинлар ўйнаш мумкин. Масалан, бир-бирига топишмоқ айтиб ёки детектив китобларни ўқиб туриш мумкин. Бу ҳам мантиқни оширади. Ва, албатта, фақат дарс ёки меҳнат эмас, балки орада дам олиб туриш ҳам керак.
Кўпчилик кунига 1 соат, ярим соат ёки кўпи билан 2 соат уй ишини қилади. Кейин кунини бекорга сарфлайди. Ўйлайманки, 2 соат ишлаб орада 1 соат дам олсангиз, яна 2 соат ишлаб, 1 соат дам олсангиз, ҳам жуда кўп ишлаган, ҳам дам олган бўласиз. Мана шу энг яхши комбинация деб ўйлайман.
«3 ой мустақил тайёрланиб, IELTS'дан 7 баллни қўлга киритдим»
— 3 ёшдан рус тилини ўрганишни бошлаганман. Мактаб пайтимда кўпчилик синфдошларим инглиз тили тўгаракларига боришарди. 6 йилдан бери тил курсига борадиганлар ҳам бор эди ва улар 10-синфнинг ёзги таътилда IELTS топшира бошлади. Мен ўшанда ҳали ҳам инглиз тили курсига бормай, ўзим қизиқадиган фанлар билан шуғулланаётгандим. Яъни инглиз тили бўйича мактабда олган бошланғич билимларим билан юрганман. Ва ёзда, августдан ноябргача 3 ой ўзим мустақил инглиз тилидан тайёрландим. Чунки ўша пайтда ҳамма жой карантинга ёпилиб қолгани учун ўқув курсига ҳам боролмай қолдим. Натижада интернетдаги видеолар, турли китоблар ёрдамида ўз устимда ишлай бошладим.
Бир неча йил ичида орттирилган математикадан мустақил ишлаш тажрибам ва мантиқий фикрлаш қобилияти ёрдамида 3 ойда IELTS топшириб, 7 баллни қўга киритдим.
Математика туфайли инсоннинг мияси маълумотни тезроқ қабул қила бошлайди. Чунки математиканинг ўзи ҳам кўп формулалар, катта маълумотлар базасини ташкил этади. Натижада инсоннинг миясига катта маълумотни олиш қийин бўлмай қолади, деб ўйлайман.
Ҳозир немис, чех ва япон тилларини ўрганмоқдаман. Бошқа тилларни билиш ва мантиқий фикрлаш орқали тилларни ўрганишнинг осон йўлларини топиш мумкин. Aраб тилини ўрганиш режаларим бор. Ўшанда Қуръони Каримни ҳақиқий ўз тилида ўқий оламан.
«10дан зиёд халқаро математика олимпиадаларида совриндор бўлганман»
— 7-синфдан бери «Формула Единства/Третье тыcячелетие» олимпиадасига ҳар йили қатнашиб келмоқдаман. Унда ва 1та кумуш 2та бронза медали совриндори бўлганман. Шундан кейин 10дан зиёд халқаро математика олимпиадаларида совриндор бўлдим.
Россиянинг Олий иқтисодиёт мактаби (ВШЭ) томонидан ташкиллаштирилган Халқаро ёшлар олимпиадасида қатнашганман. Бу олимпиадада 100та давлат қатнашган эди ва унда бронза медалини қўлга киритганман.
Бундан ташқари, Сингапур томонидан ташкиллаштирилган «Singapore International Math Olympiad Challenge»да 2 бора олтин медал совриндори бўлганман. Бунда индивидуал ва жамоавий тур учун ҳам олтин медал олганман. Ва бу олимпиадада олтин медаллар балларга қараб бир нечта берилади. 30та давлат ичида олтин медални 2-ўринда туриб олганим учун, яъни энг юқори натижаларга эришган 3 нафар ёшга Халқаро ёшлар жамиятига аъзоликни тақдим этишди.
БМТнинг Халқаро ёш делегатлар конференциясида ҳам қатнашиб, унда Халқаро болалар фонди Ўзбекистон Республикаси Ёшлар Делегацияси аъзоси («The Delegate of UNICEF Uzbekistan in Asia Youth International Model United Nations Conference») ҳам бўлдим.
«Ўз тажрибамдаги мисолларни жамлаб, китоб чоп этдим»
— 6 ёшимдан бошлаб халқаро олимпиадаларга тайёрланиш мақсадида жуда кўп чет эл математика китобларини ечганман. Қатнашадиган олимпиадаларимдан олдинги йил материалларини ҳам кўриб чиққанман. Шунингдек, ўзим қатнашган олимпиадалардан ҳам анча материал йиғилган.
Бошқа ўқувчиларга менинг тажрибамда йиғилган мисоллар ёрдам бўлиши мумкин деб, қатнашган олимпиадаларимда ечган мисолларимини йиғиб, китоб ҳолига келтирдим.
Бу китоб «Логические и олимпиадные задания по математике» («Математика бўйича мантиқ ва олимпиадага оид топшириқлар) деб номланиб, унда ерда 300га яқин мисоллар ечими билан ўзбек ва рус тилларида ёзилган.
Олимпиадалар орқали хориж университетларига грант ютгани ҳақида
— Битирувчилар учун кўпчилик халқаро университетлар олимпиадалар уюштиради ва шу олимпиадалар орқали халқаро иқтидорли ёшларни йиғиб, ўзининг университетига грантга ёки бирор бир имтиёз билан ўқишга таклиф қилади.
Масалан, Сингапур халқаро олимпиадасида қатнашганим учун Сингапур давлат университетида ўқишга имтиёзим бор. «Международная олимпиада молодежи» олимпиадасида 3-ўринни олганим учун Олий иқтисодиёт мактаби (ВШЭ) номли нуфузли университетга ўқиш учун грантим бор.
Бундан ташқари, Москва Физика-техника институтининг халқаро олимпиадасида математика ва физикадан юқори натижа кўрсатганим учун математикадан бронза медали олдим ва шу институтга ҳам киришга грантим бор.
Санкт-Петербург давлат университети, Флорида халқаро университети, Прагадаги Чарлз университети, Новосибирск миллий тадқиқот давлат университети каби қатор халқаро олийгоҳларга тўлиқ грант ютганман.
«Юқори сифатли таълим ва маҳаллий олимпиадалардаги ноҳақликлар сабаб ҳам чет элда ўқишни хоҳлайман»
— Мактабни тамомлаб, Германия, Чехия ёки Россия давлатларидан бирортасида ўқимоқчиман.
Чет элда ўқишни хоҳлашимнинг 2 сабаби бор. Биринчи сабаби – у ерда олимпиадалар, имтиҳонлар орқали халқаро энг иқтидорли ёшларни йиғиб ўқитишади ва таълим ҳам юқори сифатда бўлади.
Иккинчиси эса, Ўзбекистонда ўтадиган олимпиадаларда кўрган ноҳақликларим мени чет элга кетишга ундайди.
Кўпчилик халқаро ва маҳаллий олимпиадалардан орттирган тажрибам шуки, халқаро олимпиадаларда халқаро тиллар бўлгани учун рус ёки инглиз тилида қатнашаман. Ва уларда 30та давлат ичида энг яхши натижага эришганларнинг рўйхатида 2-ўринда тураман. Лекин маҳаллий олимпиадаларда қатнашсам, ўзбек тилига таржима қилинибми ёки қандайдир ишлар бўлиб, баъзида яхши ўрин ололмай қоламан. Бу менда баъзи бир саволларни туғдиради. Ва мана шундай саволлар, ноҳақликлар болаларда бўлмаслиги керак деб ўйлайман. Aйнан шундай олимпиадаларда ноҳақлик қилиш бу жуда ҳам нотўғри иш. Чунки болалар болалигида ноҳақликни кўрмай ўсишлари керак. Ўшандагина келажакда улар ҳам шу ишни қилишмайди ва ичида дарди ҳам қолиб кетмайди.
Таълим соҳаси – давлатни ривожлантирадиган биринчи навбатдаги соҳа ва бу соҳада ҳар доим тўғрилик, ҳалоллик бўлиши керак. Ўшандагина яхши ривожланишга умид қилса бўлади.
TikTok ва ижтимоий тармоқлар ҳақида
— Тенгдошларим ижтимоий тармоқлар ва TikTok'ка кўпроқ эътибор беришади. Чунки у ердаги видеоларнинг кўпчилиги ҳеч қандай маънога эга эмас. Шунчаки, инсоннинг мияси куннинг қайсидир пайтида дам олгиси келади ва ҳеч қандай маъно касб этмайдиган, ўргатмайдиган, ҳазиломуз видеоларни кўргиси келади. Ва бу оддий ҳолат. Лекин мана шундай нарсага боғланиб қолмаслик керак.
Яъни мияни ҳар доим бўш турадиган ишламайдиган ҳолатга ўргатиб қўйиш керак эмас, деб ўйлайман. Бу ишни озгина қилиб, кейин эса ўз хоҳиши билан ишлаш керак. Чунки инсоннинг мияси қанча кўп ишласа, у ёғига ҳам шунчалик чидамли бўлиб боради. Қанча кўп дам олса, бунга шунча ўрганади.
Бир кун бир соат видео кўрсангиз, эртаси куни 2 соат кўргингиз келади.
«Бировларнинг ёнида билимсизлик туфайли уялиб қолгандан кўра, ҳозир меҳнат қилганим яхши»
— «Бугун бошқалар хоҳламайдиган нарсани қилсанг, эртага бошқалар қилолмайдиган нарсани қиласан», деган жумлани кўп эслайман. Ҳар куни янги нарса ўрганаман. Яъни янги атмосферага кириб бораман. Ҳар куни вақтимни математика билан шуғулланишга сарфламасам, унда келажакда ўз ҳамкасбларим олдида уялиб қоламан.
Бировларнинг ёнида билимсизлик ёки ўз ишини яхши эплолмаслик туфайли уялиб юришдан кўра, ҳозир ўзимни қўлга олиб, меҳнат қилишим яхшироқ деб ўйлайман. Ҳозир бир инсон ишласа, у келажакда 10 нафар инсонга шуни ўргата олади.
Математикада қаторлар бор, масалан, геометрик прогрессия. Геометрик прогрессиянинг ҳар бир ҳади аввалги ҳадидан кўра бир неча баробар кўпайиб боради. Мен ҳаётни шунга ўхшатаман. Ўтмишда қилган битта кичкина ишингиз келажакда бир неча баробар кўпайиб бораверади. Яъни ёшлигингизда қанчалик кўп билим олиш билан шуғуллансагиз, вақт ўтиши билан у яна ҳам кўпайиб, катталашиб боради.
Зуҳра Aбдуҳалимова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Aбдусалим Aбдувоҳидов.
Мавзуга оид
01:05 / 14.11.2024
Олий математика сунъий интеллектнинг заиф томони бўлиб қолмоқда — тадқиқот
16:40 / 08.10.2024
Хитойда математикани ўзлаштиришга қийналаётган болалар учун махсус клиника очилмоқда
18:19 / 25.05.2024
Ўзбекистонда иккинчи марта ёш математиклар халқаро олимпиадаси ўтказилади
17:15 / 11.05.2024