Нима учун ўзбек амалдорлари ҳашаматни яхши кўради? Давлат хизматчисининг даромадларини декларациялаш муаммога ечим бўладими? Нега президент коррупцияга қарши курашиш умуммиллий масала эканини айтди? Коррупцияга тўла барҳам бериш учун нималар қилиш керак? Kun.uz навбатдаги катта суҳбатда шу каби саволлар таҳлил қилинди

“Коррупцияни енгиш учун биринчи навбатда унинг ортиқча ҳашамат ва дабдаба деган “ўқ илдизларини” қуритишимиз шарт”. Бу – куни кеча президент бошчилигида ўтган йиғилишдаги тезислардан бири.

Kun.uz коррупциявий масалалар, хусусан, ўзбек амалдорлари нима сабаб ҳашаматга ўчлиги ҳақида суҳбат ташкил қилди. Унда инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов, коррупцияга қарши курашишда халқаро эксперт Қодир Қулиев ҳамда Коррупциянинг олдини олиш ва “комплаенс-назорат” тизимини жорий этиш бошқармаси бош инспектори Азамат Эргашев иштирок этиб, ўз таҳлиллари билан бўлишишди.

Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда айрим раҳбарлар камтарона турмуш тарзи билан намуна бўлиш ўрнига, сохта қадриятлар асирига айланиб, ноқонуний даромад топишга интилаётгани ҳақида гапирилди.

Аслида халқ хизматчилари қандай намуна бўлиши керак? Нега биз автобус, метрода юрган бирор ҳоким, вазир ёки бошқа бир давлат мансабдорини кўрмаймиз?

Абдураҳмон Ташанов: Биласизми, Дилшода, мана шу саволга бир юз биринчи марта жавоб беришим, чунки ҳар доим шунақанги саволлар шаблони оммавий ахборот воситаларида такрорланади ва коррупцияга қарши курашиш қанақадир бир мода ҳафталигига ўхшаган нарса бўлиб қолди. Чунки доим тадбирлар ўтказилади, кеча президент ҳам уни таъкидлаб ўтдилар. Кечаги йиғилиш менга қайси томондан таъсир қилди, вазият критик нуқтага етиб келганини президентнинг ўзлари тан олди, керак бўлса жамоатчиликка ва нодавлат ташкилотларига мурожаат қилди, яъни улар ёрдамга чақирилди. Шу пайтгача ҳукуматнинг иддаоларида “биз ўзимиз енгамиз, биз ўзимиз кураша оламиз” деган нарса бор эди ва ҳалиги касалнинг муддати ўтиб кетиб қолди, яъни биз критик моментга келдик.

Энди “ўзи идеалда қандай бўлиши керак?” деган савол минг йиллардан бери келади, бошида саволга файласуфлар жавоб берган, ундан кейин жамиятшунослар ва бошқалар [тўхталди]. Энди бугунга келиб самарага қарайдиган бўлсак, одатда халқ олдида ҳисобдор бўлган ўша амалдорлар ривожланган Европа мамлакатлари, мана, энди бу ерда кўпроқ шу болқон мамлакатларни мисол келтираман, ўшаларнинг амалдорларига ўхшаган доимий равишда назоратдаги одамлар, яъни давлат хизматчилари бўлиши керак. Энди Ўзбекистонда яқин йилларда бунақа бўладими, бўлмайдими, ёки йўқ, жуда баҳсли масала. Ҳамма ҳар хил ёндашади, жуда скептик ёндашувчилар ҳам бор, жуда бир ҳалиги оптимизм билан ёндашувчилар ҳам бор.