Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рубио Лавров билан учрашди ва Москванинг урушни тугатиш бўйича «янгича ёндашуви» ҳақида айтди
Вашингтон Москвада Украина билан урушни тугатиш бўйича музокараларда «мослашувчанлик йўқлигидан ҳафсаласи пир бўлган».
Фото: Mandel Ngan / Reuters / Scanpix / LETA
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 10 июл куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси саммити доирасида ўзаро учрашув ўтказди. Лавров ва Рубио саммитга меҳмон сифатида ташриф буюрганди, уларнинг ташрифидан асосий мақсад блокка аъзо мамлакатлар билан музокаралар ўтказиш экани айтилганди.
Учрашув тахминан 50 дақиқа давом этди. Унинг якунлари бўйича Россия ТИВ қисқа расмий пресс-релиз чиқарди, унда учрашув давомида «иккитомонлама кун тартибидаги масалаларнинг бутун спектри ва дунёдаги вазият бўйича «соатларни синхронлаштириш» амалга оширилгани айтилган. Томонлар «Украина атрофидаги келишув, Эрон ва Сурия атрофидаги вазият, шунингдек, бир қатор бошқа халқаро масалалар»ни муҳокама қилган. Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, Лавров ва Рубио «можароли вазиятларнинг тинч ечимини топиш ва икки томонлама ҳамкорликни тиклаш бўйича ўзаро келишув»ни тасдиқлаган. Лавров ва Рубио Россия ва АҚШ ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни қайта тиклаш мавзусига ҳам тўхталган.
Рубио, ўз навбатида, ўн дақиқалик матбуот анжумани ўтказиб, унда АҚШ Россиянинг Украина билан урушини тугатиш бўйича музокараларда олдинга силжиш йўқлигидан жуда норози экани ва Доналд Трамп илгари очиқчасига билдирган бу позициясини Лавровга етказганини маълум қилди. АҚШ давлат котибининг сўзларига кўра, айнан Россия-Украина уруши суҳбатнинг асосий мавзуси бўлган.
Рубио мулоқот «очиқ руҳда» ўтганини айтди, шу билан бирга Оқ уй Россия томонидан «мослашувчанлик» йўқлигидан ҳафсаласи пир бўлганини таъкидлади. Давлат котиби АҚШнинг асосий вазифаси можарони барча томонлар иштирокида тугатиш йўлини топиш эканини эслатди.
Шунингдек, Рубио Россия Украинага нисбатан «янги ва бошқача ёндашув» таклиф қилганини айтди.
«Биз бу қандай кўринишда бўлиши мумкинлиги ҳақидаги баъзи ғояларни муҳокама қилдик. Мен буни тинчликни кафолатлайдиган нарса сифатида тавсифламайман, аммо бу ғояларни президентга етказаман ва умид қиламанки, бунинг асосида нимадир қуришимиз мумкин», – деди АҚШ давлат котиби. Унинг сўзларига кўра, Оқ уй Россия раҳбарияти билан келишмовчиликларни яширмайди, аммо Вашингтон ва Москва «бир-бирини эътиборсиз ҳам қолдира олмайди».
Рубионинг қўшимча қилишича, Оқ уй санкциялар киритиш масаласида конгресс билан биргаликда ишламоқда ва Москва позициясига максимал таъсир кўрсатиши учун «етарлича мослашувчан» ёндашувларга тайёр.
Давлат котиби АҚШ Украинани қўллаб-қувватлашга содиқ эканига ишонтирди ва Киевга қурол етказиб беришдаги паузани қисқа муддатли деб атади. Унинг сўзларига кўра, у техник хусусиятга эга бўлган. Patriot тизимлари ҳақида гапираркан, у Европа мамлакатларида улар етарлича мавжудлигини, бироқ «ҳеч ким уларни Украина билан бўлишишни истамаслиги»ни қайд этиб ўтди.
Лавров ва Рубио ўртасидаги учрашув 2025 йил февралидан бери бундай юқори даражадаги биринчи учрашув бўлди. Ўшанда Россия ва АҚШ делегациялари Ар-Риёдда учрашган, бу кенг кўламли Россия-Украина уруши бошланганидан бери биринчи икки томонлама музокаралар бўлиб, Лавров ва Рубио делегацияларга раҳбарлик қилган. Иккала томон ҳам ўша учрашув натижаларини жуда ижобий баҳолаганди - унда улар уруш туфайли музлатилган икки томонлама муносабатларни тиклашга келишиб олишганди.
Трампнинг Россияга нисбатан риторикаси сўнгги ҳафталарда сезиларли даражада кескинлашди. АҚШ президенти очиқчасига Владимир Путиндан «норози» эканини бир неча бор таъкидлади. Шунингдек, у Россия президенти билан телефон орқали мулоқотлари можарони тинч йўл билан ҳал қилишда ҳеч қандай олдинга силжишга олиб келмаётганидан шикоят қилди.
Мавзуга оид
17:05
АҚШда Федерал захира тизими раиси Жером Пауэллга нисбатан тергов бошланди
13:02
Украина литий қазиб олиш ҳуқуқларини америкалик инвесторларга берди
20:24 / 12.01.2026
Эрон ҳукумати намойишларни тўлиқ назоратга олганини маълум қилди
15:21 / 12.01.2026