Жамият | 17:36 / 03.09.2018
14045
5 дақиқада ўқилади

Парваришга муҳтож ёлғиз фуқароларга уйда қандай ижтимоий ёрдам кўрсатилади?

Фото: mos.ru

Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2011 йил 1 июлдаги 38-Б-сонли буйруғига асосан “Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз фуқароларга уйда ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳақида”ги Низоми тасдиқланган. Унга асосан аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламига бир қанча имтиёзлар белгилаб ўтилган.

Мазкур қонунга асосан кимларга ижтимоий ёрдам белгиланган?

Ёлғиз қариялар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга уйда ижтимоий ёрдам кўрсатиш хизмати уйда ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз фуқароларга уйда хизмат кўрсатиш учун ташкил қилинади.

Ижтимоий ёрдам кўрсатиш хизматига кимлар масъул ҳисобланади?

Ижтимоий ёрдам кўрсатиш хизмати ёлғиз фуқароларга хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходимлардан ташкил топади ва туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари таркибий тузилмаси ҳисобланади.

Ижтимоий ёрдам кўрсатиш хизмати ҳамда туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларининг вазифалари Низомда қандай тартибда белгиланган?

Ижтимоий ёрдам кўрсатиш хизматининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда уйида ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз фуқароларни аниқлаш ва ҳисобини юритиш;
  • ёлғиз фуқароларга ҳомийлик ёрдамларини кўрсатиш мақсадида уларнинг илгари ишлаган меҳнат жамоалари, жамоат бирлашмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан алоқаларини олиб бориш;
  • интернат-уйларига жойлаштириш учун кўмаклашиш;
  • ёлғиз фуқароларга бевосита ижтимоий ходимлар томонидан қуйидаги ижтимоий хизматларни кўрсатиш:

зарур озиқ-овқат, саноат маҳсулотлари ва дори-дармонларни уйга етказиб бериш;

уй-жой ашёлари ва кийим-кечакларни ювиш, кимёвий тозалашга топшириш, таъмирлаш ва уларни етказиб бериш;

зарур тиббий ёрдам кўрсатиш ишларида, уй-жойни тозалашда, хонадон ичидаги сантехник жиҳозларни таъмирлашда кўмаклашиш;

қариндош ва дўстлар билан ёзишмалар олиб бориш билан боғлиқ илтимослар ва бошқа турдаги бир марталик топшириқларни бажариш.

Шунингдек, туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари:

  • ёлғиз фуқароларга уйда ижтимоий хизмат кўрсатиш ишлари бўйича ҳар ҳафталик мониторинг олиб боради ва ижтимоий ходимларининг хизмат кўрсатиш фаолиятига баҳо беради;
  • ёлғиз фуқароларга уйда ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича ҳар чорак якунида тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаларига, улар эса, ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига маълумот тақдим этиб боради.

Низомга асосан қандай  тоифадаги ёлғиз фуқароларнинг тоифалари уйда хизмат кўрсатиш учун қабул қилинади?

Қонунга мувофиқ, қуйидаги тоифадаги фуқаролар уйда хизмат кўрсатиш учун қабул қилинади:

  • соғлиғига кўра ўзгалар парваришига муҳтож, фарзандлари (жумладан, фарзандликка олинган болалар) ва яқин қариндошлари билан бирга яшамайдиган пенсия ёшидаги (эркаклар 60 ёш ва ундан юқори, аёллар 55 ёш ва ундан юқори) шахслар, I ва II-гуруҳ ногиронлари, кекса ёки I ва II-гуруҳ ногирони бўлган эр-хотинлар;
  • ўзгалар парваришига муҳтож, вояга етмаган ёхуд I ва II-гуруҳ ногирон фарзандлари билан бирга яшайдиган пенсия ёшидаги (эркаклар 60 ёш ва ундан юқори, аёллар 55 ёш ва ундан юқори) шахслар, I ва II-гуруҳ ногиронлари, кекса ёки I ва II-гуруҳ ногирони бўлган эр-хотинлар;
  • ўзгалар парваришига муҳтож, фарзандлари жазо муддатини ўтаётган ёки узоқ муддатли даволанишда бўлган (руҳий, сил ва бошқа касалликлар) даври мобайнида пенсия ёшидаги (эркаклар 60 ёш ва ундан юқори, аёллар 55 ёш ва ундан юқори) шахслар, I ва II-гуруҳ ногиронлари, кекса ёки I ва II-гуруҳ ногирони бўлган эр-хотинлар;
  • фарзандлари (жумладан, фарзандликка олинган болалар) ва яқин қариндошлари ҳамда ҳомийлари ёки васийлари бўлмаган ва қонунчиликка асосан бепул энг зарур молларни олиш имтиёзидан фойдаланаётган ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар.

Хусусан, 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, фронт ортида хизмат қилган шахслар уйда ижтимоий хизмат кўрсатишга биринчи навбатда қабул қилинади.

Истисно тарзида, юқумли ҳамда руҳий касалликларга чалинган шахслар уйда ижтимоий хизмат кўрсатиш учун қабул қилинмайди.

Асос: Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2011 йил 1 июлдаги 38-Б-сон буйруғига мувофиқ “Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз фуқароларга уйда ижтимоий ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Низоми асосида тайёрланди.

Зафар Солижонов
Тайёрлаган Зафар Солижонов

Мавзуга оид