Жамият | 11:20 / 21.11.2025
1738
2 дақиқада ўқилади

2026 йилдан “Ёшлар дафтари” ёрдами янги қоида ва шартлар асосида амалга оширилади

2026 йил 1 февралдан “Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ёшларга ижтимоий шартнома асосида, ўқиш, натижа ва фаолликка боғланган ҳолда тақдим этилади.

“Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди. Ҳужжатда ёшларни қўллаб-қувватлашда моддий ёрдам билан бирга, уларнинг таълим олиши, шахсий ривожланиши ва жамиятдаги фаоллигини кучайтириш устувор йўналиш сифатида белгилаб қўйилди.

Фармонга кўра, қуйидагилар асосий мақсадлар этиб белгиланган:

  • “Ёшлар дафтари”га киритилган 16 минг нафар ёшнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш;
  • “Мутолаа” лойиҳаси доирасида илмий-оммабоп ва бадиий китобларни мунтазам ўқиб борувчи ёшлар улушини 10 фоизга ошириш;
  • “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида хорижий тилларни ўзлаштирган ёшлар улушини 30 фоизга етказиш.

Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 февралдан “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан белгиланган ижтимоий ёрдам турлари Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ёшларга ижтимоий шартнома орқали қуйидаги шартлар асосида тақдим этилади:

  • таълим олишни узлуксиз равишда давом эттириш;
  • таълим жараёнида ижобий ўзлаштириш кўрсаткичларига эришиш;
  • волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш;
  • “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги лойиҳаларда қатнашиш.

Мазкур янгиликлар “Ёшлар дафтари” орқали кўрсатиладиган ёрдамни шунчаки нафақат моддий қўллаб-қувватлаш, балки ёшларнинг билимли, фаол ва масъулиятли авлод сифатида шаклланишига хизмат қилувчи комплекс тизимга айлантиришни кўзда тутади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид