Ўзбекистон | 17:47 / 30.04.2024
16596
7 дақиқада ўқилади

МИБ талаблари билан ҳисоблашмаётган суғуртачилар – “оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним”ми?

Ўзбекистонда ЙТҲ оқибатида шикаст етган транспорт воситаси учун суғурта компаниясидан суғурта тўлови ундириб олиш осон иш эмас. Шу сабабли, оворагарчиликка вақт сарфлаб ўтиришни истамаганлар суғурта тўловидан ихтиёрий воз кечиб, қўл силтаб қўя қолишади. Қўл силтамаганлар эса сунъий куттириш ҳисобига шунга мажбур қилинади. Бу орада айбдорлар МИБнинг “чангали”га илиниб, йўқ жойдан отнинг калласидай жарима ҳам тўлайди. Шундай ҳолатни “Капитал суғурта” компанияси билан боғлиқ бир кейсда кўриб чиқамиз.

Фото: Kun.uz

ЙТҲ оқибатида машинасига шикаст етгани учун суғурта тўловини ундириш қанчалар қийин эканлигини бу иш бошига тушганлар яхши билишади. Агар машина бошқа бир машина билан тўқнашиб кетган бўлса ва иш судда кўрилиб, етказилган зарарни ундириш ижро учун МИБга ўтган бўлса, бу оворагарчилик икки ҳисса ошади.

Яъни МИБ томонидан қарздорга тўловни ихтиёрий тўлаш учун маълум бир вақт берилади. Қарздор суғурта компаниясидан умидвор бўлиб, уларга мурожаат қилади. Айни шу нуқтада суғурта компаниясининг тўловни ўз вақтида амалга ошириб бермасдан куттириши (сарсон қилиши деса ҳам хато бўлмайди) Мажбурий ижро бюроси талабларига мос келмайди: МИБнинг “соат стрелкаси” айланаверади, суғурта компанияси эса эрта-индин дея чўзиб юраверади, ўртада ҳайдовчи сарсон, камига отнинг калласидай жарима ҳам нақд.

Фуқаро Азимжон Абдусаломов 2024 йилнинг 29 феврал куни соат 11:00лар атрофида Cobalt  машинасини Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Ш.Руставели кўчаси бўйлаб бошқариб, ЙТҲга учрайди. У бир йўналишда ҳаракатланиб бораётган Lacetti машинасини билан тўқнашув содир қилган. ЙТҲ оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Фақат баҳолаш ҳисоботига кўра, Lacetti машинасига 8 млн 328 минг сўмлик зарар етган. 

Мазкур иш 2024 йил 7 март куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида кўриб чиқилган. Суд қарори билан Азимжон Абдусаломов БҲМнинг 5 баравари (1,7 млн сўм) миқдорида жаримага тортилган ва ундан Lacetti машинаси эгасига 8 млн 828 минг сўм моддий зарар ундириш белгиланган.

Азимжон Абдусаломов бошқарувидаги Cobalt автомобили “Капитал суғурта” компанияси томонидан транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун талаби бўйича 2023 йил 13 июн куни электрон тарзда суғурталанган бўлган.

Иш бўйича суд қарори чиққач, 2024 йилнинг 12 март куни суғурта компаниясига зарарни қоплаб бериш юзасидан ариза билан мурожаат қилинган. Аммо орадан қарийб 2 ой ўтганига қарамасдан суғурта компанияси суғурта тўловини тўлаб бермасдан келмоқда.

Бу вақтга келиб эса суд қарори асосида МИБ томонидан ижро ҳаракатлари бошланган. Камига қарздорга қарийб 450 минг сўм ижро йиғими қўлланилган ва унга БҲМнинг 5 баробаридан 10 баробаригача миқдорида жарима хавф солмоқда.

Kun.uz мухбири компания матбуот хизмати билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритишга, суғурта тўловини тўлаб беришни тезлаштириш имкони бор-йўқлигини аниқлашга ҳаракат қилди. Ҳолатга аниқлик киритишни ваъда қилган матбуот котиби таҳририят билан қайтиб боғланмади, кейин унга қилинган қўнғироқларни эса жавобсиз қолдирди.

Аслида тартиб қандай бўлиши керак?

Ҳайдовчи ва суғурта компанияси ўртасидаги муносабатларни асосан “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш” тўғрисидаги қонун тартибга солади.

Мазкур қонуннинг 23-моддасида суғурта товонини тўлаш тартиби қайд этилган. Унга кўра суғурта товонини тўлаш суғурталовчи суғурта товонини тўлаш тўғрисида қарор қабул қилган кундан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмай амалга оширилиши керак. Суғурталовчининг суғурта товонини тўлашни рад этиш тўғрисидаги ёки уни тўлаш ҳақидаги қарори суғурта қилдирувчига у суғурта товони тўлаш тўғрисида ёзма мурожаат этганидан кейин ўн беш кундан кечиктирмай хабар қилиниши керак ва товон тўлаш рад этилганда, қарорда рад этишнинг асослантирилган сабаблари кўрсатилиши лозим.

Агар суғурта товонини тўлаш белгиланган муддатда амалга оширилмаган бўлса, суғурталовчи жабрланувчига суғурта товонига қўшимча равишда, суғурта товонини тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасидан келиб чиққан ҳолда пеня тўлайди.

Юқоридаги ҳолатда жабрланувчи “Капитал суғурта” компаниясига 2024 йилнинг 12 март куни суғурта товони тўлаш тўғрисида ёзма мурожаат қилган. Демак, қонун талабидан келиб чиқиладиган бўлса, “Капитал суғурта” компанияси унга 2 апрел кунидан кечикмасдан тўловни амалга ошириши керак эди. Аммо компания бугунги кунга қадар тўловни амалга оширмаган. 

Бу республикада ЙТҲга учраб, суғурта тўлови ололмай юрилган биргина ҳолат холос. Азимжон Абдусаломов каби сарсон бўлаётганлар юзлаб, минглаб бўлиши мумкин. Бу каби оворагарчиликларнинг олдини олиш учун қонунчилик такомиллаштирилиб, ЙТҲ ҳолатларида жабрланувчи томон ҳам бўлса етказилган зарарни тўғридан тўғри суғурта компаниясидан ундириш (суғурта тўловидан ортиқча қисмини айбдордан) имконияти яратилиши зарур.

Бунинг учун судлар зарар ундирувида эътиборни ҳуқуқбузарга эмас, суғурта компанияси зиммасига юклаш масаласига қаратса мақсадга мувофиқ бўларди. Шунда фуқароларнинг азият чекиши олди олиниб, кейинги муносабатларга тегишли суғурта компанияси ва МИБ ўзаро ойдинлик киритиб олган бўлар эдилар.

Суғурта компанияларини ким назорат қилади?

Президентнинг 2023 йил 2 сентябрдаги “Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан суғурта ташкилотлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига юклатилган.

Агентлик таркибида суғурта бозорини ривожлантириш департаменти, суғурта бозорини тартибга солиш бошқармаси ҳамда суғурта бозори иштрокчилари фаолиятини лицензиялаш бўлими бор.

Kun.uz мухбири суғурта бозори ва юқоридаги ҳолатга доир бир нечта саволлар билан Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги матбуот хизматига мурожаат қилди. Аввалига саволларга тез кунда жавоб қайтаришни айтган агентлик матбуот котиби бир неча кундан сўнг таҳририят бу борада агентликка расмий хат билан чиқиши зарурлигини билдирди.

Агентликнинг 2023 йил ҳисоботида келтирилишича, ўтган йилнинг сентябр-декабр ойларида суғурта фаолиятига доир қонунчилик талабларини бузганлик учун битта суғурта ташкилотининг лицензияси 6 ой муддатга, 2 та суғурта ташкилотининг лицензиялари эса 10 кунга тўхтатилган.

2024 йилнинг январ ойида “Капитал суғурта” АЖ ҳам қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меъёрларга риоя қилмаганлик факти бўйича 162 млн сўм миқдорида жаримага тортилган ҳамда лицензияси 10 кун муддатга олиб қўйилганди

Руслан Сабуров,
Kun.uz
 

Таҳририят шу каби муаммоларга учраганлар Kun.uz’га мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилади: @kunuzmurojaat

Мавзуга оид