Ўзбекистон | 21:03 / 25.05.2023
9697
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ЕОИИ ҳудудида ўзаро савдони янада эркинлаштиришга чақирди

Шавкат Мирзиёев 25 май куни Евросиё иқтисодий кенгашининг 30-йиғилишида видеоалоқа орқали иштирок этди. Ўзбекистон 2020 йилда бу ташкилотда кузатувчи мақомини олганидан буён президент унинг саммитларида доимий равишда қатнашяпти.

Фото: Президент матбуот хизмати

Россия президенти Владимир Путин раислигида ўтган бу галги учрашувда Беларус президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, кузатувчи давлат раҳбари сифатида Куба президенти Мигель Диас-Канель ва Евросиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Михаил Мясникович қатнашди.

Таклиф этилган давлат раҳбарлари сифатида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам иштирок этди. Саммитда савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистон ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат сифатида бирлашманинг тадбирларида фаол иштирок этаётганини қайд этди.

2022 йилда Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 23 фоизга кўпайган. Барқарор ўсиш суръати жорий йилда ҳам кузатилмоқда. Ўзбекистон савдо тартиботларини соддалаштириш бўйича ҳамда транспорт, қишлоқ хўжалиги, экология ва туризм соҳаларидаги алоҳида дастурлар ва тармоқ лойиҳаларида иштирок этмоқда.

“Глобал хавф-хатарлар, транспорт-логистика занжирларида жиддий узилишлар, озиқ-овқат тақчиллиги ва энергетик хавфсизлик таҳдидлари ва бошқа муаммолар кучайиб бораётгани мамлакатларимиз барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг биринчи галдаги вазифаларини ҳал этиш учун яқин ҳамкорликни янада мувофиқлаштиришни тақозо қилмоқда”, – деди Мирзиёев.

Президент минтақавий савдо айланмасини тубдан ошириш учун савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттириш муҳимлигини айтди. Техник тўсиқларни бартараф этиш ва сертификатларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимнинг қабул қилиниши бунга хизмат қилади.

Ўзбекистон президенти божхона маъмуриятчилиги, санитар, фитосанитар ва ветеринар назорат ҳамда товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашнинг электрон платформалари ва онлайн тизимларини интеграция қилиш муҳимлигини кўрсатди. Бу ташаббусни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш учун экспертлар даражасида батафсил маслаҳатлашувлар ўтказиш таклиф қилинди.

Шавкат Мирзиёев Шимол – Жануб халқаро йўлакларини ва минтақани Хитой, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан боғловчи бошқа магистралларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари тариф сиёсати масалаларида яқиндан мувофиқлашув зарурлигини қайд этиб, “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” темирйўли қурилишини амалга ошириш бўйича Лойиҳа офиси ишига қўшилишга таклиф этди.

Мавзуга оид