Ўзбекистон | 15:58 / 25.07.2021
8040
3 дақиқада ўқилади

Автомототранспорт воситаларини онлайн аукцион йўли билан ижарага беришда шартномаларни нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев “E-auksion” электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини соддалаштириш ҳамда тизимнинг очиқлиги ва шаффофлигини оширишга доир қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб “E-auksion” электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукционлар иштирокчиларига, шу жумладан, чет эл фуқароларига аукционда қатнашиш учун электрон рақамли имзо калити сертификати масофадан бепул тақдим қилинади.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан объектларни аукционга чиқариш учун тўланадиган йиғим бекор қилинади.

Қарорга мувофиқ, сотилган объектнинг қиймати БҲМнинг 5000 баравари (1 млрд 225 млн сўм)гача бўлганда, тўловларни 10 иш куни, 5000 бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлганда тўловларни 15 иш куни мобайнида тўлаш имконияти яратилади. Башарти, аукцион ғолиби тўловларни тўлашдан бош тортган тақдирда, ғолиб ҳамда унинг тўғридан тўғри таъсисчилари ҳисобланган шахслар ноҳалол иштирокчи сифатида электрон савдо платформасидаги аукционлардан четлатилади. Бунда, тўловларни тўламаслик ҳолати биринчи марта содир этилганда бир йил муддатга, иккинчи марта такрорланса муддатсиз даврга аукционлардан четлатилади.

Аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабар у ўтказиладиган кундан 30 кун олдин эълон қилинади. Аввалги тартибга кўра, давлат активларини сотишда 30 кун, ижарага беришда эса 15 кун олдин эълон қилиниши лозим эди.

Шунингдек, 2022 йил 1 январдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар томонидан автомототранспорт воситаларини электрон онлайн-аукцион йўли билан ижарага беришда шартномаларни нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинади. Бунда электрон онлайн-аукцион натижасига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга бўлади.

Бундан ташқари, ер участкаларини аукционга инвестиция киритиш шарти билан чиқариш тартиби бекор қилинади.

Қарорда объектлар, шу жумладан, ер участкаларини электрон онлайн-аукционда сотиб олиб, қисқа муддат давомида ундан фойдаланмаган ҳолда уларнинг олди-сотдиси билан шуғулланаётган юридик ва жисмоний шахсларни аниқлаб, савдолардан четлатиш чоралари кўрилиши белгиланди.

Электрон онлайн-аукцион иштирокчилари ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш мақсадида қуйидаги тартиблар жорий этилади:

  • 2021 йил 1 октябрдан бошлаб аукцион натижалари бўйича пул маблағлари Марказнинг махсус ҳисоб рақамида йиғилади ва аукцион ғолиби томонидан объект қабул қилинганлиги тасдиқлангандан сўнг, улар буюртмачи ҳисоб рақамига ўтказилади;
  • ижро ҳужжатлари бўйича автомототранспорт воситаларини реализация қилиш учун ўтказилган электрон онлайн-аукцион натижалари ҳақидаги баённома уни тақиқдан ечиш, шунингдек, аукцион ғолиби номига рўйхатдан ўтказиш (ҳисобга қўйиш) учун асос ҳисобланади. Бунда, мажбурий тартибда ундириш учун юборилмаган маъмурий жарималарни тўлаш мажбурияти автомототранспорт воситасининг собиқ эгаси зиммасида қолади;
  • электрон онлайн-аукционни ташкил этиш ва ўтказиш тартибидан ташқари бўлган тартиб-таомилларга риоя қилинмаганлиги учун аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани бекор қилиш ёки ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Мавзуга оид