«Футболчилар оиласини қандай боқишни билмаяпти». Вадим Абрамов уч ойдан буён маош олмаётган «Бунёдкор»нинг молиявий муаммолари ҳақида
Ўтган мавсумда йиллик бюджети рақобатчиларидан нисбатан кам бўлса-да, мавсум якунларига кўра Суперлигада совриндорлар сафига кира олган «Бунёдкор» жамоаси 2020 йилни ОЧЛ саралаш ўйинлари билан бошлади. Дастлабки плей-офф ўйинида ғалаба, иккинчисида эса сафарда мағлубиятга учраган Вадим Абрамов жамоаси Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига чиқа олмади.
Шунга қарамай, мавсумга пухта тайёргарлик кўрган «Бунёдкор» жамоаси Суперлигани ёмон бошламади – 3 ўйинда 2 ғалаба ва бир мағлубият. Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов қўл остидаги ушбу клубнинг жорий йилги бюджети Суперлиганинг бир қатор клубларидан нисбатан камроқ бўлса-да, асосини ёшлар ташкил этадиган «қалдирғочлар» бу мавсумда ҳам ўз олдига юқори мақсадларни қўйган.
Бироқ ҳар томонлама профессионалликка интилаётган, Осиёда ўз номига эга бўлиб улгурган «Бунёдкор»нинг молиявий аҳволи қийин вазиятда. «UzTransGaz» бош ҳомийлигидаги клуб футболчилари ўтган йилги бронза медали, янги мавсумдаги ОЧЛ плей-офф босқичидаги иштирокига қарамай, ойлик маошларини ололмаяпти. Жамоа олдида нафақат 2020 йил ҳисобидан, ҳаттоки 2019 йилдан ҳам қолиб кетган қарздорлик ҳолати сақланиб келмоқда.
Айни коронавирус пандемияси туфайли юзага келган карантин ҳолатида Kun.uz ва Tribuna.uz сайти мухбири «Бунёдкор» клуби бош мураббийи Вадим Абрамов билан боғланиб, клубнинг асл молиявий ҳолатини билишга интилди.
- «Чинданам, жамоамиз 2020 йилда умуман ойлик маош олганича йўқ, қолаверса ўтган йилдан ҳам қарздорлик ҳолати бор. Қонун-қоидаларга амал қилиб, карантин вақтида кўчага чиқмай уйда аввалги ойлик маошлар берилишини кутиб ўтирибмиз», - дея гап бошлади Вадим Карленович.
- Демак, бу йил ҳисобидан жамоа футболчилари умуман ойлик маош олишмаган, шундайми?
- Худди шундай, уч ойдан буён маош олганимиз йўқ. Мен кўпроқ ҳозирги қийин паллада жамоамиз футболчилари учун қайғураяпман. Улар билан имкон қадар қўнғироқлашиб, алоқада бўлиб турибмиз. Жамоада кўпчиликнинг оиласи, рўзғори бор уларни қандай боқишни билишмаяпти. Бундай пайтда мураббий, раҳбар сифатида йигитлар, жамоадагиларнинг олдида бироз ноқулай аҳволга тушасан. Афсуски, ҳозирча жамоада шунақа аҳвол.
- Клуб бош ҳомийси «UzTransGaz» раҳбариятида яқинда ўзгариш бўлди. Бу борада қандайдир янгилик ёки молиявий ҳолатга таъсири бўлдими?
- Бундан хабарим йўқ. Бу менинг ваколатимга кирмайди. Бунинг учун бош директор бор, раҳбар сифатида директоримиз ҳомийлар билан доимий алоқада бўлади. Афсуски, ҳозирча бизга ҳар сафар «эртага, индинга» дейишдан нарёққа ўтилмаяпти.
- Йил бошида жамоа Осиё чемпионлар лигаси саралашида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилганда ҳам вазият шундай эдими?
- Мавсум бошида Осиё чемпионлар лигасида иштирок этганлигимиз билан ҳисоблаганда, биласизми, ҳаттоки шунга ҳам ҳеч нарса ажратишмади. Вазият қийин. Нима бўлаётганлигини ҳаттоки тушунмаяпмиз. Футболчилар, жамоадагиларнинг ҳам оиласи, рўзғори бор. Мени шу кўпроқ ташвишлантиради, - дейди «Бунёдкор» бош мураббийи Вадим Абрамов.
Чинданам, Ўзбекистон миллий жамоаларига бир қатор иқтидорларни етиштириб бераётган «Бунёдкор» футбол клубининг бугунги карантин ҳолатида йил бошидан буён молиявий қийинчиликлар остида қолаётганлиги ачинарли ҳолат. Маблағ танқислиги мавсум ўртаси ёки охирида эмас, йил бошиданоқ кузатилаётгани янада ажаблантиради. Одатда, йил бошида Суперлиганинг ҳар бир клуби бюджети белгиланади, хўш UzTransGaz ҳомийлигидаги клуб йиллик сметаси тасдиқланган бўлса, футболчиларга нега маош берилмаяпти? Вазиятни кузатишда давом этаётган Kun.uz ва Tribuna.uz бу борада ҳомий ташкилотнинг жавобига ҳам қулоқ тутади.
Усмон Ибодов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
08:00 / 09.09.2024
Бунёдкор шоҳкўчасида 27 ёшли ҳайдовчи уриб юборган пиёда вафот этди
13:11 / 02.04.2024
«Бунёдкор» Ривалдо ва Денилсон ишида бир неча йиллик келишувга эришилганини эълон қилди
21:00 / 02.03.2024
Яширинча хусусийлаштириш, метан-шохобчадаги воқеа ва ёшларга янги имконият — ҳафта дайжести
14:37 / 27.02.2024