Жамият | 21:30 / 13.06.2019
34628
6 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳридаги «Холис» бозори 10 кунга ёпилади. Савдогарлар нимадан хавотирда?

Андижон шаҳридаги “Холис” савдо комплекси вилоят марказидаги ҳар куни иш олиб борувчи ва энг гавжум бозорлардан бири. Бу ерда асосан кийим-кечак, маиший техника ва рўзғор учун зарур бўлган турли буюмлар сотилади. Умумий майдони 1,8 гектар. Ҳужжатларга кўра, комплексда 560та турғун савдо шохобчалари фаолият юритади.

13 июнь куни “Холис”да савдо қилувчи тадбиркорлар бозорнинг 10 кун муддатга ёпилиши ва мажмуада текширишлар давомида аниқланган камчиликлар бартараф қилингач, қайта очилиши ҳақида огоҳлантирилдилар.  

Бозорга шаҳар ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ келиб, савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан суҳбат ўтказди. Савдо мажмуаси майдончасида мутасаддилар бозорнинг нега ўн кунга ёпилиши ҳақида тушунча бериб ўтишди.

Табийки, бозорнинг  вақтинча ёпилиши ҳақидаги хабар савдогарлар норозилигига сабаб бўлмоқда. Чунки “Холис” бозорида 1500га яқин дўкончилар фаолият юритади. Уларнинг оилалари тирикчилик манбаи мана шу дўконлардаги савдодан. 

Андижон шаҳар ҳокимлиги бизга “Холис” бозори фаолиятининг тўхтаб туриши сабаблари бўйича маълумотларни тақдим қилди.

Шаҳар ҳокими томонидан 10 июнь куни “Андижон шаҳар “Холис” МЧЖга қарашли Андижон шаҳар Бобур шоҳ кўчаси 28-манзилда жойлашган савдо комплекси фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисида”ги 407-Қ қарорини қабул қилинган. Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 август кунги 315-сонли ҳамда 2012 йил 23 августдаги 253-сонли қарорлари талаблари ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлиги ишчи гуруҳининг “Холис” савдо комплексида ўтказган ўрганиши тақдимномасига асосан қарор қабул қилинганлиги таъкидланади.

Қарорда ўрганиш давомида аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бартараф этилгунга қадар “Холис” савдо комплекси фаолиятини 10 кунга қадар тўхтатиб туриши, МЧЖ раҳбарига аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш чораларини кўриш белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, ҳужжатда савдо комплекси ҳудудида фаолият юритувчи юридик ва жисмоний шахслар ўртасида тушунмовчилик, норозилик ва бошқа салбий ҳолатлар келиб чиқмаслиги учун тушунтириш профилактика ишларини олиб бориш учун ишчи гуруҳ тузилиши ҳам қайд этилган. Ишчи гуруҳ раҳбари А. Ҳошимовга тадбиркорларга қарор моҳиятини тушунтириш билан биргаликда, тадбиркорларга ўн кун давомида савдо билан шуғулланишни ҳудудга яқин бўлган бошқа бозорларда давом эттириш учун зарур бўлган чораларни кўриш юклатилган.

Вилоят ҳокимлиги гуруҳи томонидан ёзилган тақдимномада бозор биносида архитектура талабларига риоя қилинмаётганлиги, санитар-гигиеник, ёнғин хавфсизлиги бўйича турли камчиликлар, солиқ тушуми бўйича салбий ҳолатлар аниқлангани баён этилганлигини кўрдик.

Тақдимномада “Холис” МЧЖ томонидан йўл қўйилаётган бир қатор камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилган.                                              

Тадбиркорлар нимадан хавотирда?

Юқорида келтирганимиздек, “Холис” бозорида  мингдан зиёд киши фаолият юритади. Бугун шаҳар ҳокими бошчилигидаги гуруҳ бозорга келиб, учрашув ўтказиб, тадбиркорларга ушбу янгиликни етказди. Мутасаддиларга жуда кўп саволлар берилди. Жавоблар тадбиркорларни қониқтирмагани аниқ. Улар  бозорни таъмир қилиш ва янгилаш ишлари олиб бориладиган бўлса тадбиркорларни бирданига чиқариб юбормай, босқичма-босқич олиб борилиши кераклигини сўрашяпти. Кўпи эса бозордан чиқариб юборилгач, қайтиб киритилмаслигидан хавотирда.

 “Бизга ўн кун давомида “Янги бозор” ва “Узум бозори”да шароит яратилиб, савдо қилиб туришимиз айтилмоқда. Лекин ҳар иккала бозордаги дўконларни сотиб олган ўз эгалари бор. Бу биз учун савдо қилгани жой йўқ, дегани. “Холис” бозоримизда шунча камчилик бор экан, шу пайтгача бирин-кетин ҳал қилиб юришса бўлмасмиди? Ҳозир роса бошимиз қотди”, дейди бозорда кийим-кечак савдоси билан шуғулланувчи, ўзини Акмалжон деб таништирган тадбиркор.

 

 “Бозор таъмирланишига ўн кун вақт етармикин? Олдимиздаги машиналар қўйиш майдончасида савдо қилишга рухсат беришса яхши бўларди. Тирикчилик ўтказиб турардик. Шаҳар мутасаддилари билан музокаралар охирига етмади”, дейди яна бир сотувчи аёл.

Андижоннинг “Янги шаҳар” ҳудудидаги “Узум бозор” савдо комплекси кўп йиллар олдин қурилган бўлса-да, савдо юрмай кимсасиз жойга айланган. “Холис” бозоридаги тадбиркорларнинг айтишларича, бўш тургани билан у ерга бориб савдо бошланса, ҳар бир дўконнинг эгалари етиб келади.

Ўтган йилларда бузилган “Янги бозор” деҳқон бозори ўрнида қад кўтарган янги қурилиб, фойдаланишга топширилиши кўзда тутилаётган “Бозор” савдо мажмуаси асосан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига мослашган ва у ерда ортиқча жой йўқ.

Шаҳар ҳокимлиги қарорида “Холис” савдо комплекси фаолияти 10 кун давомида тўхтатиб турилиши қайд этилган. Ишчи гуруҳ тадбиркорларга хавотирга ўрин йўқлигини савдо комплекси муддат оралиғида ишга тушишини билдирмоқда.

KUN.UZ воқеалар ривожини кузатиб боради.

Элмурод Эрматов, Андижон

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид