Ўзбекистон | 00:37 / 15.09.2018
84273
2 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси 16 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётиб қўлга тушди

Давлат Хавфсизлик Хизмати Андижон вилояти Бошқармаси ва вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида, Андижон шаҳар ҳокимлигининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича бош мутахассиси Тўхтамурод Қодиров фирибгарлик қилиб, тадбиркордан пул олаётган пайтида қўлга олинди. Бу ҳақда “O’zbekiston 24” канали хабар бермоқда.

Маъсул шахс, Андижон шаҳрида жойлашган "Жаҳон бозори" савдо комплекси ҳудудидаги бўш турган 60 кв.метр ер майдонидан фойдаланиш бўйича Андижон шаҳар ҳокимининг фармойиши чиққани, келгусида мазкур ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланиш учун ажратиб бериш ва керакли ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига маҳаллий тадбиркордан 17500 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 16000 АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговолди жараёни ва суриштирувларда Тўхтамурод Қодиров бундай ишларга олдин ҳам қўл урганлиги аниқланди. У улгуржи савдо билан шуғулланиш учун лицензия бериш эвазига бошқа бир тадбиркордан ҳам 300 АҚШ доллар миқдорида пул олган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168, 211 ва 214-моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид