Ўзбекистон | 11:59 / 24.01.2020
38344
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бўйлаб 600дан ортиқ ўрта-махсус таълим муассасалари ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида таълим тизимидаги муҳим мақсад ва вазифаларга тўхталиб ўтди.

Мактабгача таълим

Давлат раҳбари боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда 60 фоизга етказиш кераклигини айтди. Ҳозирда бу кўрсаткич 52 фоизга тенг (2016 йилда 24 фоиз эди).

«Бу йилдан бошлаб, тарихимизда илк бора 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилинади.

Бунга бюджетдан 130 миллиард сўм ажратилиб, бу жараёнда хусусий мактабгача таълим муассасалари ҳам бевосита иштирок этади», – деди Шавкат Мирзиёев.

Умумий ўрта таълим

2020 йилда 55та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141тага етказилади.

Шунингдек, жорий йилда бюджетдан маблағлари ҳисобига 36та янги мактаб қурилиб, 216 таси капитал таъмирланади. 

«Педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга, юқори маош тўлаш тизимини жорий этамиз», – деди президент.

Қайд этилишича, 2021 йилги халқаро баҳолаш жараёнига тайёргарлик кўриш учун 348та таянч мактабни белгилаб, 6 мингдан ортиқ ўқитувчиларнинг малакаси оширилади.

Ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими

Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, жорий ўқув йилидан бошлаб мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилиб, 340та касб-ҳунар мактаби, 147та коллеж ва 143та техникум ташкил этилади.

Кадрлар малакасини халқаро меҳнат бозори талабларига мослаштириш мақсадида, Миллий малака тизими ишлаб чиқилади.

Ушбу тизим 9 мингга яқин касблар бўйича кадрлар тайёрлаш имконини беради.

Олий таълим

Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражаси ҳозир 20 фоизга тенг бўлса, 2020 йилда камида 25 фоизга, келгусида эса 50-60 фоизга етказилади.

Олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантлари 2 баробарга кўпайтирилади, қизлар учун алоҳида грантлар ҳам ажратилади. Ушбу грантлар асосида ўқитишга номзодларни танлаш ва саралаш мезонларини Хотин-қизлар қўмитаси ишлаб чиқиши керак.

«ОТМга кириш имтиҳонларини ҳам оптималлаштириш зарур. Биз бунда асосий эътиборни ўқишга кириш жараёнларини соддалаштиришга, олий ўқув юртларида чинакам билим ва тарбия олишга қаратишимиз зарур.

Мисол учун, она тили бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизимини яратиш лозим. Ёшлар исталган вақтда имтиҳон топшириб, тегишли гувоҳнома олса, ўқишга кираётган пайтда она тили бўйича қайта синовдан ўтишга ҳеч қандай эҳтиёж қолмайди», – деди президент.

Маълум бўлишича, таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилиб, мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилади.

Жорий йилдан педагогик таълимнинг 6та йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил қилиб белгиланади. Бу кейинчалик бошқа йўналишларда ҳам давом эттирилади.

Олий ўқув юртларига босқичма-босқич академик ва молиявий мустақиллик берилади. Жорий йилда уларнинг 10 таси ўзини ўзи молиявий таъминлашга ўтади.

«Бундан ташқари, камида 5та ОТМни конкурс асосида танлаб, нуфузли хорижий олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда, уларни трансформация қилишни бошлаймиз», – деб маълум қилди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид