Ўзбекистон | 23:42 / 10.04.2018
13598
3 дақиқада ўқилади

Давлат харидлари тўғрисидаги қонун қандай имкониятларни яратади?

Фото: UZEX.uz

2018 йил 9 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолади.

Қабул қилинган қонун давлат харидлари очиқлигини ва шаффофлигини ҳамда, бу соҳада тадбиркорларнинг рақобат курашувини таъминлашга хизмат қилиши назарда тутилган. Шунингдек, давлат бюджети, марказлаштирилган манбалар ва давлат улушига эга бўлган корхоналар маблағларидан самарали фойдаланишга имкон яратади.

Қонун харидларнинг беш тартиб-таомилини белгилайди, ундан иккитаси давлат хариди бўйича қарор қабул қилишда инсон омилини буткул инкор этади. Қолган харид тартиб-таомиллари шаффофлиги махсус ахборот порталида зарур ахборот чоп этиш йўли билан таъминланади.

Қонун билан халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда биринчи бор ягона етказиб берувчида харидни амалга ошириш каби харид тартиб-таомили тури амалиётга киритилмоқда.

Ҳужжат давлат харидларини амалга оширишнинг амалдаги тажрибасини ҳамда, халқаро тажрибани, шу жумладан,  БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича Комиссиясининг (ЮНСИТРАЛ) модель қонунчилигининг асосий қоидаларини, Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия, Беларус, Қозоғистон ва бошқа давлатлар қонунчилигини ҳисобга олган.

Қонундаги асосий янгиликлар:

  • Давлат буюртмачисининг иккита янги категориялари киритилган – “бюджет” ва “корпоратив” буюртмачилар;
  • Ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги белгиланди. Илгари давлат харидлари соҳасида ваколатли орган мавжуд эмас эди;
  • Давлат харидларининг барча турлари учун махсус ахборот портали жорий этилмоқда. Электрон дўкон ва аукционда ғолибни аниқлаш автоматик тарзда электрон тизим орқали амалга оширилади;
  • Махсус талаблар татбиқ этилмайдиган товарлар (ишлар, хизматлар) электрон дўкон орқали харид этилади. Бюджет буюртмачилари учун -25 ЭКИҲ, йилига 2500 ЭКИҲдан ортиқ бўлмаган ҳолда, корпоратив буюрмачилар учун - 250 ЭКИҲдан ортиқ бўлмаган лимитлар ўрнатилди. Аввал электрон савдо орқали биржада фақат 10-13 товар, иш, хизматлар гуруҳи рўйхатига кирган, 100 минг АҚШ доллари қийматигача бўлган фақат биринчи даражада зарур бўлган товарлар харид қилинган;
  • Танлов савдолари ўрнатилган мезонларга жавоб берадиган товар (ишлар, хизматлар)нинг барча турларига татбиқ этилади. Илгари танлов савдоларини ўтказиш механизми фақат капитал қурилиш соҳасида амал қилар эди;
  • Тендер танловлари учун сум лимитлар ўрнатилган: бюджет буюртмачилари учун – 6000 ЭКИҲ дан юқори, корпоратив буюртмачилар учун- 25000 ЭКИҲ дан юқори. Илгари тендер савдолари 100 минг АҚШ долларидан юқори бўлган суммага ўтказилган;
  • Харид қилиш тартиб-таомиллари устидан мониторинг ва назорат тартибга солинмоқда.
  • Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича тузилаётган Комиссиянинг фаолияти харидларнинг барча турларига тадбиқ этилади. Илгари давлат харидларини назорат қилиш масаласи тартибга солинмаган, низо ва келишмовчиликлар фақат электрон савдолар бўйича махсус комиссия томонидан кўриб чиқилган.
Тайёрлаган:  Алишер Рузиохунов

Мавзуга оид