Ўзбекистон | 10:00 / 24.01.2020
15315
2 дақиқада ўқилади

ИИВ ҳайдовчиларга огоҳлантириш билан чиқди: Қамчиқ довонида бўрон бўлиши кутилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази маълум қилишича, 24 январь кунидан 26 январь кунига қадар «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг Қамчиқ довони қисмида об-ҳаво шароити кескин ўзгариши кутилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ шу кунларда довондан ўтувчиларга мурожаат қилди.

««Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг Қамчиқ довони қисмида об-ҳаво шароити кескин ўзгариши кутилмоқда, бўрон бўлиши, қор ёғиши ва автомобиль йўлларида музламалар ҳосил бўлиши, қалин туман тушиб, кўриш даражаси 50 метргача ёмонлашиши, шамол тезлиги 15-20 м/с.гача кучайиши, йўлларда қор уюмлари юзага келиши сабабли автомобиль йўлларида ҳаракат қатнашчилари учун бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқиши кутилмоқда.

Бу ҳолатлар йўл-транспорт ҳодисалари содир этилишига сабаб бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳайдовчилардан транспорт воситасида довон йўлларида ҳаракатланишда мураккаб об-ҳаво шароитини ҳисобга олишларини, зарурат бўлмаганда ҳаракатланмасликни сўрайди», дейилади хабарда.

Мавзуга оид