Ўзбекистон | 08:26 / 01.08.2020
25791
6 дақиқада ўқилади

Уй ёнидаги қурилиш қонунийлигини қандай текшириш мумкин?

Деразадан кўринадиган одатий манзара – хиёбон, болалар майдончаси ёки футбол майдони ўрнини янги бинонинг бетон девори эгаллашига ҳамма ҳам рози бўлмаса керак. Яқин орада қурилиш ишлари бошланса, камида икки йил азият чекишингиз: ишлаётган техника шовқини тинчлик бермаслиги, ҳамма ёқ лойга, чангга ботиши, бегона кишиларнинг кўпайиши тайин. Шаҳарларда "нуқтали қурилиш" (яъни қурилиш майдонида алоҳида қурилиш) ишлари олиб борилаётганига қарамай, қонун ҳужжатларида ушбу тушунчага таъриф берилмаган.

Фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, башарти шаҳарсозлик фаолияти уларнинг манфаатларига дахл этадиган бўлса, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг жойлаштирилиши, лойиҳалаштирилиши, қурилиши, реконструкцияси ёки фойдаланишга топширилиши тўғрисидаги қарорнинг маъмурий ёки суд тартибида бекор қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга (Шаҳарсозлик кодексининг 10-моддаси).

Norma нашри қурилиш қонунийлигини текшириб кўришга қарор қилган бўлсангиз, ишни нимадан бошлаш кераклиги ҳақида маълумот берди.

Қурилиш ишларини олиб бориш учун ўрнатилган белгиларни кўрсангиз, ҳудудда қурилиш паспорти бор-йўқлигини текширинг. У билан танишиб чиқиб, объект ҳақида дастлабки ахборотга эга бўласиз. Қурилиш ишлари бошлангунига қадар участка чегараларида лойиҳа ишлаб чиқувчиси ҳақида, режалаштирилаётган қурилиш ва унинг муддатлари ҳақида маълумотлар кўрсатилган ахборот стенди ўрнатилмаган бўлса, маълумот олиш учун участка инспекторига ёки маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилинг.

Ишингиз янада самарали бўлиши учун маҳалла йиғини ҳузурида ташаббускор фуқаролар гуруҳини тузинг. Ташаббускор гуруҳ ва унинг раҳбарини сайлаш учун умумий йиғилиш ўтказиб, унинг якунига кўра баённома расмийлаштиринг. Йиғилишда ҳозир бўлганларнинг барчаси уни имзолаши керак. Келгусида ташаббускор гуруҳ ўз вакиллик органи – маҳалла йиғини орқали барча фуқаролар номидан давлат органларига мурожаат қила олади.

Ўзбекистонда бинолар қурилиши давлат мақсадли дастурлари доирасида ёки ер участкаси аукцион орқали сотиб олинганидан кейин хусусий тартибда олиб борилиши мумкин. Иккала ҳолатда ҳам қурувчида рухсат берувчи ҳужжатлар пакети бўлиши керак.

Қурилишни бошлашдан олдин қурувчида бўлиши керак бўлган ҳужжатлар рўйхати:

I. Давлат мақсадли дастурлари доирасидаги қурилиш

1. Шаҳар ҳокимининг берилаётган участка чегараларининг режаси (схемаси) илова қилинган ер участкаси ажратиш ҳақидаги қарори (28.01.2019 йилдаги 63-сон ВМҚга 2-илова 28-банди, Низом).

Қарорда қуйидагилар акс эттирилган бўлиши керак (Низомнинг 28-банди):

маҳаллий давлат ҳокимияти органининг қарорида назарда тутилган объектни қуриш шартлари;

ер участкаси кимга, қандай мақсадларда ва қандай муддатга (ер участкаси муайян муддатга вақтинча фойдаланишга ва ижарага берилганда аниқ муддат кўрсатилади) берилади, шунингдек, мавжуд бўлган тақдирда – олиб қўйилаётган (сотиб олинаётган) ер эгалари, мулкдорлари, фойдаланувчилари ва ижарачиларининг номи;

берилаётган ер участкасининг умумий майдони, ер турлари (мавжуд бўлган тақдирда), ер эгалари, мулкдорлар, фойдаланувчилар ва ижарачилар бўйича;

ер участкаларининг эгалари, мулкдорлари, фойдаланувчилари ва ижарачиларига қопланиши керак бўлган зарарлар (мавжуд бўлган тақдирда) миқдорлари ва уларни қоплаш муддатлари;

қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари (мавжуд бўлган тақдирда) миқдорлари ва уларни қоплаш муддатлари;

ер участкасини рекультивация қилиш зарурати, ер участкасининг у олиб қўйилган эгалари, мулкдорлари, фойдаланувчилари ва ижарачиларига қайтариш шартлари (мавжуд бўлган тақдирда);

тупроқнинг унумдор қатламини олиб ташлаш зарурати (мавжуд бўлган тақдирда);

сув муҳофазаси, экологик, ёнғинга қарши, санитария шартлари ва талаблари (зарурат бўлганда).

2. Қурувчининг ер участкасига бўлган ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақида гувоҳлик берувчи ҳужжат (Низомнинг 38-банди).

3. Ажратилган участка чегараларини жойида белгилаш (Низомнинг 36-банди).

Кадастр хизмати, туман (шаҳар) қурилиш бўлими ҳамда «ЎзГАШКЛИТИ» ДУК ер участкаси чегараларини натурада кўрсатади, яъни участкани жойида белгилайди.

4. Лойиҳа-смета ҳужжатлари, улар шаҳарсозлик нормаларига мувофиқлиги ва зилзилага бардошлилиги бўйича архитектура хизмати, ёнғиндан сақлаш инспекцияси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари учун масъул бўлган хизматлар билан келишилган бўлиши керак (18.05.2018 йилдаги 370-сон ВМҚга 4-илова).

II. Давлат дастурларига киритилмаган қурилиш

1. «YERELEKTRON»даги онлайн-аукцион баённомаси, у ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи сотиб олинганидан далолат бериб, олди-сотди шартномаси кучига эга бўлади (20.12.2019 йилдаги 1023-сон ВМҚга 1-илова 69-банди, Қоидалар).

2. Қурувчининг ер участкасига бўлган ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилганлигидан далолат берувчи ҳужжат (Қоидаларнинг 69-банди).

3. Берилган участка чегараларини натурада белгилаш (Қоидаларнинг 6-банди). Кадастр хизмати, туман (шаҳар) қурилиш бўлими ҳамда «ЎзГАШКЛИТИ» ДУК ер участкаси чегараларини натурада кўрсатади, яъни участкани жойида белгилайди.

4. Инвестиция мажбуриятларини бажариш учун тармоқ жадвали (Қоидаларнинг 70-банди).

5. Лойиҳа-смета ҳужжатлари, улар шаҳарсозлик нормаларига мувофиқлиги ва зилзилага бардошлилиги бўйича архитектура хизмати, ёнғиндан сақлаш инспекцияси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари учун масъул бўлган хизматлар билан келишилган бўлиши керак (18.05.2018 йилдаги 370-сон ВМҚга 4-илова).

Бундан ташқари, қурувчи иккала ҳолатда ҳам қурилиш-монтаж ишларини бошлаш тўғрисида хабарнома юбориши керак. Хабарнома келиб тушгач, қурилиш соҳасида назорат бўйича инспекция сумма ва банк реквизитлари кўрсатилган инвойсни юборади (18.05.2018 йилдаги 370-сон ВМҚга 5-илова).

Эътибор беринг, мазкур ҳужжатлар рўйхати қурувчи учун зарур, бироқ бу унинг тўлиқ эканини англатмайди. Қурилиш ишларининг тури, мақсади ва йўналишига қараб ҳужжатлар рўйхатини тўлдиришга ҳақли бўлган талайгина идоравий қонуности ҳужжатлари мавжуд.

Айни пайтда қандай давлат дастурлари амалга оширилаётгани ҳеч қаерда эълон қилинмаслиги, ушбу дастурларда режалаштирилган қурилиш объектлари рўйхати мавжуд эмаслиги ҳам муаммони юзага келтирмоқда. Президентнинг топшириғи тез ва аниқ бажарилишига умид қиламиз, ана шунда оддий кишилар ҳам барча қурилишлар, шу жумладан "нуқтали қурилиш" ҳақида ахборот олиш имконига эга бўладилар.

Яқин орада ҳар қандай шахс қурилаётган объектлар ҳақида барча ахборот билан танишиб чиқиш имконига эга бўлади, боиси Президент қурилиш соҳаси янада шаффоф бўлиши учун уни рақамлаштириш ҳақида топшириқ берди. Қурилиш ташкилотлари ва фуқароларга исталган пайтда қурилиш тартиби ва шарт-шароитлари ҳақида тўлиқ ахборот олиш имконини берувчи интерактив тизим ишга туширилади.

Мавзуга оид