Иқтисодиёт | 17:22 / 13.03.2023
33845
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорларни E-aktiv'га мажбуран жалб қилиш яна кечиктирилди

Тадбиркорларнинг товар-моддий активлари, хусусан омборлардаги маҳсулотлар кирим-чиқими ва қолдиғини солиқ органларига очиқлашни назарда тутувчи E-aktiv тизимига маълумот киритиб бориш йил охиригача ихтиёрий бўлиб қолади. Аввалроқ жорий қилинган бу тартибни мажбурий қўллаш, тадбиркорлар ва бухгалтерлар эътирозидан кейин, 2023 йил 1 мартгача кечиктирилганди.

Фото: Солиқ қўмитаси матбуот хизмати

E-aktiv ахборот тизимида солиқ ҳисоби билан боғлиқ операцияларни акс эттириш 2024 йилгача ихтиёрий бўлиб қолади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда. Аввалроқ бу тартиб 2023 йил 1 мартдан эътиборан мажбурий бўлиши белгиланган эди.

Маълум қилинишича, қўмитада ва қўмита ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашида ўтказилган муҳокамада берилган таклиф ва ечимларни инобатга олиб, E-Aktiv ахборот тизимида солиқ ҳисоби билан боғлиқ операцияларни ихтиёрий акс эттириш тартибининг амал қилиш муддатини 2024 йил 1 январгача узайтириш тўғрисида ҳукуматга таклиф киритилган.

“Яқин кунларда тадбиркорлик субъектларига солиқ мажбуриятларини бажаришда қўшимча қулайлик ва енгилликлар беришга қаратилган норматив ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда”, – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил июн ойида қабул қилинган президент қарорига асосан, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш ҳамда ўз устав фондини шакллантириш билан боғлиқ барча операцияларни солиқ органларининг Е-aktiv ахборот тизимида акс эттириш 2023 йил 1 мартга қадар ихтиёрий деб белгиланган эди.

Аввалига, E-Aktiv'га оид талаб 2022 йил 1 январдан кучга кириши кўзда тутилган, лекин тадбиркорлар ва бухгалтерларнинг эътирозларидан кейин, бу чора кечиктирилганди.

Мавзуга оид