Ўзбекистон | 18:31 / 28.11.2022
9669
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 3 кунлик МЧЖ 2,6 млрд сўмлик иссиқхоналар қуриш бўйича тендерни ютиб олди

Антимонополия вилоят бошқармаси томонидан ҳолат юзасидан иш қўзғатилган. Тендерни ўтказишда бир қатор қонун талаблари бузилган деб топилиб, танлов қарорлари бекор қилинган.

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда 3 кунлик фирма жами 2 млрд 601 млн  сўмлик иссиқхоналар ўрнатишни ютиб олгани айтилган хабарлар тарқалди. Антимонополия қўмитаси тендерда қонунбузарликлар бўлганини тасдиқлади.

Маълум бўлишича, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан etender.uzex.uz махсус электрон порталида 12 та туманда жами 289 та 2 млрд 601 млн сўмлик енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш бўйича танлов ўтказилган.

Танловда буюртмачи томонидан савдоларнинг қонунчиликда белгиланган тартиби бузилган. Шунингдек, танловнинг бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш орқали қонунбузилишларига йўл қўйилган.

Хусусан, “Nxs Ctroybadmetall” МЧЖ ва “Turnoverprice” МЧЖ томонидан керакли хужжатлар (иссиқхона қуриш бўйича иш тажрибаси, қурилишда ишлатиладиган материаллар рўйхати) тақдим қилинмаган бўлса-да, уларга асоссиз юқори баллар берилган.

Бундан ташқари, буюртмачи томонидан ўтказилган танловларда харид комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлмаган ҳолда қонунчиликка зид равишда қарор қабул қилинган.

Қайд этилишича, ҳозирда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилмоқда.

Аввалроқ, Камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш агентлиги “Онлайн маҳалла” ахборот тизимини яратиш учун 8,4 млрд сўм (тақрибан 755 минг доллар) сарфлаётгани ва истисно тариқасида тендер ўтказмасдан шартнома тузгани ҳақида хабар берилганди.

 

Мавзуга оид