Ўзбекистон | 11:55 / 09.09.2022
38231
2 дақиқада ўқилади

110-мактабда кийиниш хонасига камералар ўрнатилиши билан боғлиқ можаро келиб чиқди

Ижтимоий тармоқларда Миробод туманидаги 110-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби кийиниш хонасига видео кузатув камералари ўрнатилгани ва бундан ота-оналар норози экани ҳақида хабарлар тарқалди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент шаҳар ХТББ матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар халқ таълими ишчи гуруҳи ўрганиш олиб борди. 

Унга кўра, ҳақиқатан мактаб маъмурияти ўқувчилар кийиниш хонасига видео кузатув камераси ўрнатган. Билдирилишича, бу этика ва ахлоқ қоидаларига зид бўлса-да, ушбу ҳолатни мактаб директори кейинги пайтларда ўқувчилар ўртасида ўғирлик ва шунга ўхшаш ҳолатлар олдини олиш, улар ўртасида тартиб-интизом ўрнатиш, назоратни кучайтириш ҳамда ўқувчилар ҳушёрлигини ошириш мақсадида ота-оналар кузатув кенгаши таклифига кўра, камера ўрнатишга мажбур бўлгани билан изоҳлаган. 

Маълум қилинишича, ўқувчилар жисмоний тарбия дарси машғулотларига чиққан пайтда бир неча маротаба мобил телефон, тақинчоқлар, пуллар йўқолган. Бу каби нохуш ҳолатлар бўйича бир неча маротаба ички ишлар идоралари вакиллари, ота-оналар иштирокида баённомалар тузилган. 

“Бу камера орқали фақат юқоридаги каби кўнгилсиз ҳолат сабабчиларини аниқлаш кўзда тутилган, холос. Унда камера тасвирга олган лавҳалар жамоатчиликка тақдим этилмаган, видео кузатув фақат директор хонасида ўрнатилган “пульт” орқали амалга оширилган. Нафақат, кийиниш хонасидаги, балки таълим муассасасидаги мавжуд 250 та видео кузатув камералари фақатгина мактаб директори назоратида бўлиши қатъий белгилаб қўйилган”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, кеча мактаб маъмурияти томонидан кийиниш хонасидаги камера олиб ташланган.

Мавзуга оид