Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пойтахтдаги арзонлаштирилган ярмаркаларда камералар бозор маъмурияти ҳисобидан ўрнатиляпти
Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Kun.uz'га маълум қилишича, бунга бозор раҳбариятлари ўз ҳисобидан келиб чиқиб маблағ ажратган. Камералар назоратига бозор раҳбари ва ходимлари масъул, агар ярмаркадаги сотувчи харидорга маҳсулотни қиммат сотиши аниқланса, маъмурият томонидан савдодан четлаштирилади.
Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Яқинда Тошкент шаҳар бозорларидаги арзонлаштирилган ярмаркаларнинг барчасида кузатув камералари ўрнатилаётгани хабар қилинганди. Пойтахт ҳокимлиги буни расталарда белгилаб қўйилган нархдан қимматга сотиш ҳолатларига қарши курашиш мақсади билан изоҳлаганди.
Kun.uz камералар кимнинг ҳисобидан қўйилётгани, унинг назорати ва маҳсулотлар қиммат сотиладиган бўлса, ким қандай тартибда чора кўриши ҳақида шаҳар ҳокимиятига саволлар юборганди.
Ҳокимлик муниципал активларни бошқариш бошқармасининг берган маълумотига кўра, жойлардаги деҳқон бозорларида ташкил этилган савдо ярмаркаларига ўрнатилаётган камералар бозорларнинг (акциядорлик жамият ёки масъулияти чекланган жамият) ҳисобидан, ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ўрнатилмоқда.
Уларни назорат қилиш бозорларнинг масъул ходимларига юклатилиши, шунингдек жамият раҳбарининг шахсий назоратида бўлиши қайд этилди.
Таъкидланишича, агарда сотувчи харидорга маҳсулотни белгиланган нархдан қиммат сотиши аниқланса, бозор маъмурияти томонидан ярмарка савдосидан четлаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, бу ташаббус ҳокимлик ва прокуратура департаменти томонидан истеъмол маҳсулотларини арзонлаштирилган нархларда тақдим этиш мақсадида илгари сурилгани айтилганди.
Ҳозирда Миробод деҳқон бозори ва Эски Жува (Чорсу) бозорида кузатув камераларини ўрнатиш ишлари якунланган.
Бу борадаги ишлар давом этмоқда ва тез орада пойтахтнинг барча йирик бозорларидаги арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаларида кузатув камералари ўрнатилади.
Мавзуга оид
12:24 / 19.11.2025
Бозорларда тижорий сёмка пулли бўлгани оддий визиторларга тааллуқли эмас — ҳокимлик
09:33 / 19.11.2025
Тошкент бозорларида тижорий мақсадда видео олиш пулли бўлди
15:14 / 14.11.2025
Россияда хорижий компаниялар ўз брендига бўлган ҳуқуқларни йўқота бошлади
16:50 / 15.09.2025