Ўзбекистон | 19:46 / 07.12.2023
6707
7 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Конституцияни тўғридан тўғри қўллаш амалиётига ўтишимиз зарур

“Конституцияни жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тўғридан тўғри ва бевосита қўллаш амалиётига ўтишимиз зарур”, – деди ўзбекистонликларни Конституция куни билан табриклаган президент Шавкат Мирзиёев. Давлат раҳбари ҳуқуқ органлари фаолиятини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтириш энг муҳим устувор йўналишлардан бири эканини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституция байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табриги эълон қилинди.

“Қадрли ватандошлар! Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни 8 декабр – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Конституция миллий давлатчилигимиз, суверенитетимиз, шу кунга қадар эришган барча ютуқ ва марраларимиз, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади”, – дейилади табрик аввалида.

Шавкат Мирзиёев шу йил 30 апрелда тарихда биринчи марта умумхалқ референдуми асосида Конституция янги таҳрирда қабул қилинганини қайд этган.

“Ҳеч шубҳасиз, том маънода халқчил қомус бўлган Асосий қонунимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз ортга қайтмаслигининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистоннинг беш устуни, яъни суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди, унинг мазмуни тубдан такомиллаштирилиб, янги боб ва моддалар билан бойитилди”, – дея қайд этган президент.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, қисқа муддатда 30 дан зиёд қонун ва қонуности ҳужжатлари янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилган.

“Кенг кўламли ва тизимли ислоҳотларимиз натижалари халқаро майдонда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Коррупцияга муросасиз муносабат бўйича халқаро индексда 32 поғонага, Матбуот эркинлиги индексида 28 поғонага, Ҳуқуқ устуворлиги индексида 13 поғонага кўтарилди”, – деган Шавкат Мирзиёев.

Президент олдинда турган энг муҳим устувор вазифаларни санаб ўтган.

“Биринчидан, Конституциямизда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир, дейилган. Ана шу қоидадан келиб чиқиб, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларимиз изчил давом эттирилади.

Иккинчидан, Конституцияни жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тўғридан тўғри ва бевосита қўллаш амалиётига ўтишимиз зарур. Шундагина халқимиз Асосий қонунимизнинг ҳаётбахш кучи ва таъсирини теран ҳис этади.

Бу борада барча давлат идоралари, жумладан, судлар фаолиятида конституциявий нормаларни тўғридан тўғри қўллашни жорий этиш бўйича амалий чоралар кўрилади.

Учинчидан, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари янги конституциявий маконга уйғунлаштирилади. Бу жараёнда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтириш устувор вазифа бўлиб ҳисобланади.

Тўртинчидан, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносибликни таъминлаш бўйича конституциявий принципни рўёбга чиқариш мақсадида қонун ҳужжатларидаги 150 дан ортиқ ана шундай чоралар тўлиқ қайта кўриб чиқилади. Жумладан, айрим қилмишларни жиноятлар тоифасидан чиқариш ва жазо турларини ўзгартириш, фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий жавобгарликни бекор қилиш борасида ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилади.

Бешинчидан, Конституциямизда қатъий белгилаб қўйилганидек, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз бўлиб, унинг ҳуқуқлари

ва қонуний манфаатларига зид келадиган ҳар қандай ҳаракатларга қарши курашиш, ҳеч шубҳасиз, энг долзарб вазифаларимиздан биридир.

Ушбу йўналишда асосий эътиборимиз бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган самарали ҳуқуқий механизмларни жорий этишга, шунингдекОлий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Болалар омбудсмани ва бошқа инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилади.

Олтинчидан, барча ислоҳотларимизда инсон ва унинг манфаатлари марказий ўринда туриши ва халқимиз фаровонлиги ҳамда қулай ҳаёт кечиришини таъминлаш давлат органлари учун бош мақсад бўлиши лозим. Сўнгги йилларда шу мақсадда 300 га яқин давлат хизматлари тўлиқ рақамлаштирилди ва аҳолига 50 миллиондан ортиқ хизматлар кўрсатилди.

Шу боис, фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларда мавжуд бюрократик тўсиқларни кескин қисқартириш ҳамда ушбу жараёнлардаги коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича ишларни изчил давом эттиришимиз керак.

Еттинчидан, биз “Янги Ўзбекистон – маърифий жамият” концепцияси асосида конституциявий таълим масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Парламент томонидан Конституцияни ўқиб-ўрганиш бўйича Миллий фаолият дастури қабул қилинди. Асосий қонунимизни ўрганишни болалар боғчасидан бошлаш, барча даражадаги таълим муассасалари, аҳолининг турли қатламлари, айниқса, давлат хизматчилари ушбу жараёнга тўлиқ жалб этилиши лозим. Шунинг учун давлат хизматига ишга киришда Конституция асослари бўйича имтиҳонлар ўтказиш тизимини амалда татбиқ этишимиз зарур.

Саккизинчидан, Конституция ва қонун устунлигини таъминлашда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Бу масалада фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берамиз. Хусусан, сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг сони қарийб 40 фоизга ошди ва уларни қўллаб-қувватлашга 700 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Шу билан бирга, фуқаролик жамиятининг муҳим шарти бўлган жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз лозим ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича аниқ амалий чораларни кўришда давом этамиз”, – дея таъкидлаган Мирзиёев.

Давлат раҳбари дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар ва қуролли тўқнашувлар авж олаётганини қайд этиб, аҳолини “ҳозирги ўта мураккаб ва таҳликали вазиятда” янада бирлашишга чақирган.

“Сиз, азиз ватандошларимни Конституция куни билан яна бир бор чин дилдан қутлаб, ҳаммангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!” – дея ўз табригини якунлаган Ўзбекистон президенти.

Мавзуга оид