Хусусий мактаблар очишни рағбатлантирувчи чоралар белгиланди
Ҳар йили 1 майгача хусусий мактаб қуриш учун ер участкалари аукционга чиқарилади. 2025–2030 йилларда янги қурилган хусусий мактаблардаги коммунал харажатларнинг 50 фоизини давлат қоплаб беради.
«Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ва ушбу жараёнга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш имкониятларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2025 йил 1 январдан:
- нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан бозор фоиз ставкаларида миллий валютада ажратиладиган, қиймати 20 миллиард сўмгача бўлган кредитлар бўйича, фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тақдим этилади;
- нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари учун биноларни янгидан қурган ёки ўзининг бино ва иншоотларида умумий ўрта таълим фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга ушбу таълим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ бўлган коммунал харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади;
- 2030 йил 1 январгача юридик шахсларга ўз маблағлари ҳисобидан нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари биноларини қуриш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг фойда солиғини ҳисоблашда 2 йил давомида тенг улушларда чегириб ташлаш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек янги нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш ва бинолар қуриш учун жойлардаги ҳокимликлар томонидан ҳар йили:
- 1 мартгача мақбул ер участкалари аниқланади;
- 1 апрелгача республика бўйича умумий майдони 50 гектар ер участкасидан кам бўлмаган манзилли рўйхат тасдиқлаш учун ҳукуматга киритилади;
- 1 майгача тасдиқланган манзилли рўйхатга асосан ер участкалари «E-auksion» савдоларига мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида чиқарилади.
Бунда, аукцион савдоларида 3 ойдан ортиқ муддат сотилмай турган ер участкалари савдодан ечилмасдан бошланғич нархини қадамма-қадам 50 фоизгача пасайтириш механизмини қўллаган ҳолда, такрорий аукцион савдоларига чиқарилади.
Мавзуга оид
21:53 / 26.09.2024
Энг кўп солиқ ва божхона имтиёзини олган корхоналар маълум қилинди
10:20 / 24.09.2024
Камбағал оилалар фарзандлари давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинади
08:20 / 01.07.2024
Ўзбекистонда солиқ тўловчилар 5 ойда 10,6 трлн сўм солиқ имтиёзларидан фойдаланди
09:08 / 01.06.2024