Ўзбекистон | 07:54 / 01.01.2022
6039
2 дақиқада ўқилади

Адвокатлик лицензияси учун юридик мутахассислик бўйича стажга оид талаб бекор қилинади

Адвокатура институтини тўлақонли ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш, Адвокатлар палатаси бошқарув органларининг адвокатлар ҳамжамияти олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш, тизимга ёш малакали кадрларни жалб қилиш мўлжалланмоқда.

Фото: Shutterstock

2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасига кўра, “мустақил адвокатура концепцияси” асосида адвокатура фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш ва тўғридан тўғри амал қилувчи қонунни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Бунда, адвокатнинг процессуал мақоми кучайтирилади. Адвокатлик лицензиясини олиш учун юридик мутахассислик бўйича иш стажига оид талаб бекор қилинади. Олий юридик маълумотли шахсларга 3 ойлик стажировкадан кейин адвокатлик имтиҳонини топшириш имконияти яратилади.

Шунингдек, олий юридик таълим муассасаларининг бакалавр йўналишида таҳсил олаётган битирувчи курс талабаларига ўқишдан бўш вақтда адвокат ёрдамчиси сифатида ишлаш ҳуқуқи берилади.

Адвокатлик фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали ортиқча бюрократия ва қоғозбозликка чек қўйиш, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари билан электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.

Бунда:

  • олий ёки ҳудудий малака комиссияси қарори асосида адвокатлик лицензиясини “Лицензия” ахборот тизими орқали расмийлаштириш тартиби жорий этилади;
  • адвокатлар, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида ҳужжатлар алмашинувини таъминловчи “Юридик ёрдам” электрон тизими яратилади;
  • адвокатнинг процессда иштирокини таъминлашни соддалаштирувчи “Электрон адвокат ордери” жорий этилади.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид