Украинада россиялик генерал Владимир Завадский ҳалок бўлди
Бу РФ армиясининг Украина фронтида йўқотган еттинчи генерали бўлади.
Россиянинг Украинага босқинини қўлловчи қатор манбалар 14-армия корпуси раҳбарининг ўринбосари генерал-майор Владимир Завадский ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.
Генерал-майор Завадскийнинг ўлими ҳақидаги илк хабарлар 28 ноябр куни кечқурун Москва умумқўшинлар қўмондонлик мактабининг (МВОКУ) ёпиқ чатида пайдо бўлган. Битирувчилардан бири Москва вақти билан соат 14:30 атрофида ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида бўлиб турган генерал минада портлаб кетганини айтган. Генерал Завадскийнинг ўлими ҳақидаги дастлабки хабар Беларусдаги Gusar.by сайтига жойлаштирилган.
29 ноябр куни генерал-майор Завадский гўёки Харкив областининг Изюм шаҳри ҳудудида ҳалок бўлгани ҳақида «Новороссия» ахборот агентлиги хабар тарқатди, унинг муассиси православ олигарх Константин Малафеевга тегишли «Царьград Медиа» ҳисобланади. Лекин Изюм Украинанинг ички ҳудуди бўлиб — фронт чизиғидан тахминан 50 километр масофада жойлашган.
Бошқа маълумотларга кўра, Завадский Херсон областининг Кринки аҳоли пункти яқинида ҳалок бўлган, бу ерда Россия армияси сўнгги ҳафталарда Украина қуролли кучларининг Днипро дарёси сўл соҳилидаги плацдармларига қарши кураш олиб бормоқда.
Завадскийнинг ўлими ҳақидаги хабар «ВКонтакте» тармоғида, МВОКУ битирувчиларини ўз ичига олган «Кремл» минтақалараро жамоат ташкилоти гуруҳида ҳам пайдо бўлган.
Завадский Москва қўмондонлик билим юртини 2000 йилда тамомлаган, унгача, 1995 йилда — Уляновск гвардия Суворов ҳарбий билим юртини битирган. 2018 йилдан 2021 йилга қадар генерал-майор Москва областида Кантемир танк дивизиясини бошқарган. Ҳалок бўлган чоғида 14-армия корпуси қўмондони ўринбосари лавозимида бўлган.
Тинчлик даврида 14-армия корпуси дислокацияси Мурманск областида бўлиб, Шимолий флот қўмондонлиги бўйсунувида эди. Украиналик ҳарбий таҳлилчи Константин Машовецнинг маълумотига кўра, айни вақтда 14-армия корпуси таркибидаги 80-«арктика» мотоўқчилар бригадаси «Днепр» гуруҳи сафида айнан Херсон области ҳудудида жанг қилмоқда. «ВЧК-ОГПУ» телеграм-канали ҳам генерал «Днепр» гуруҳи масъул бўлган ҳудудда ҳалок бўлганини, «аммо бу рақиб билан ҳарбий тўқнашувда эмас, ички ҳудудда мина портлаши оқибатида рўй бергани»ни маълум қилган.
Россия мудофаа вазирлиги ҳозирча генерал-майор Завадскийнинг ҳалокати ҳақида ҳеч қандай хабар бермаган. Аммо аввал ҳам вазирлик кўп ҳолатларда, яқинлари ошкор қилмагунича, юқори мартабали офицерлар ўлимини расман тасдиқламаган.
Бу еттинчисими?
Агар Завадскийнинг ўлими тўғрисидаги хабар тасдиқланса, у Россиянинг Украинага босқини бошланганидан буён ҳалок бўлган россиялик еттинчи генерал бўлади. «Важние истории» эса бу РФ қуролли кучларининг юқори лавозимли офицерлари ўлими ҳақидаги ўн иккинчи хабар бўлганини қайд этган.
Россиялик генераллардан тўрт нафари (Андрей Суховецкий, Владимир Фролов, Канамат Боташев ва Роман Кутузов) кенг кўламли урушнинг дастлабки тўрт ойи ичида ҳалок бўлган. Кейин роппа-роса бир йил давомида юқори мартабали россиялик офицерлар ўлими ҳақида хабарлар чиқмаган.
Россиялик генераллар орасидаги янги йўқотишлар 2023 йил июнидан рўй бера бошлади — бу украинлар қарши ҳужуми бошланишига тўғри келади. Ёз бошидан ноябр ойи охирига қадар яна икки генерал вафот этганди — 35-армия штаби бошлиғи, генерал-майор Сергей Горячев ва Жанубий ҳарбий округ қўмондони ўринбосари, генерал-лейтенант Олег Цоков.
Бундан ташқари, уруш бошидан буён украин манбалари яна етти нафар россиялик генераллар ўлими тўғрисида хабар берган, аммо улардан камида уч нафари — Магомед Тушаев, Виталий Герасимов ва Андрей Мордвичев — тирик бўлиб чиққан, вақти-вақти билан улар Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётганини тасдиқловчи кадрлар чиқиб туради.
Украина нашрларида тилга олинган бошқа генералларнинг дафн маросимлари ёки ўлимини тасдиқловчи қўшимча маълумотлар ҳали аниқланмаган.
Нима бўлганда ҳам, булар юқори офицерлик корпуси учун катта йўқотишлардир. Экспертлар фикрича, генераллар ўлими Россия армияси тузилишининг ўзига хосликлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Масалан, босқиннинг илк босқичида хавфсиз алоқа каналлари ва моддий-техник таъминотни йўлга қўйиш билан боғлиқ кенг тарқалган муаммолар туфайли генераллар вазиятни кузатиш ва буйруқлар бериш, вазиятнинг ўзгаришига тезкор реакция қилиш учун шахсан фронт чизиғига яқин бўлиши керак эди, бу эса уларнинг ҳалок бўлиш эҳтимолини оширади. Кейинроқ ғарблик иттифоқчилар томонидан Украинага етказиб берилган узоқ масофага зарба бера олувчи артиллерия тизимларининг аниқ зарбалари ҳам генераллар ўлимига сабаб бўла бошлади.