17 декабр куни Москва шаҳрининг Нижгород районидаги уй ҳовлиси олдида содир бўлган портлашда икки киши ҳалок бўлди. Портлаш тўлқини атрофдаги квартираларнинг деразаларини учириб юборган.

РФ тергов қўмитаси портлаш оқибатида Россия қуролли кучларининг радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи, генерал-лейтенант Игор Кириллов ҳамда унинг ёрдамчиси Иля П. ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Ҳолат юзасидан жиноий иш очилган. Москва прокуратураси ишни назоратига олган.

«Воқеа жойида терговчилар, суд-тиббиёт экспертлари ва фавқулодда хизматлар ишламоқда. Ҳозирда содир этилган жиноятнинг барча ҳолатларини аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатлари ва тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда» – дейилади қўмита хабарида.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, портлаш Кирилловга хизмат машинаси келгач, ҳарбийлар уйдан чиқаётганда содир бўлган. Катта эҳтимол билан, портловчи қурилма уй яқинида тўхтаб турган скутерга ўрнатилган бўлган.

У катта эҳтимол билан радиосигнал ёки мобил телефон қўнғироғи орқали фаоллаштирилган.

Рязанск проспектидаги уй подъезди олдида портлаш жойи, 2024 йил 17 декабр
Максим Шеметов / Reuters / Scanpix / LETA

Портловчи қурилма 300 грамм тротил қувватига эга бўлган, натижада уйнинг кириш эшиги ва деразалари синиб кетган, генералнинг хизмат машинаси ҳам шикастланган.

«Коммерсант» газетаси ёзишича, тергов портлаш украин махсус хизматлари — Украина мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси ёки Украина хавфсизлик хизматлари томонидан уюштирилганини гумон қилмоқда, бу идоралар таниқли шахс экани туфайли Кирилловни нишон сифатида танлаган бўлиши мумкин.

Бир кун олдин Украина нашрлари россиялик ушбу генерал урушда кимёвий қуролларни қўллаш ҳақида шахсан топшириқ бергани ва бунинг ортидан ҳарбий жиноятларда гумонланаётганини ёзганди.

54 ёшли Кириллов 2017 йил апрелида Россия қуролли кучларининг радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи бўлганди. Тимошенко номидаги Радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя ҳарбий академиясини тамомлаган. 2017 йилга қадар ушбу академияга раҳбарлик қилган.