Ўзбекистон | 17:22 / 05.06.2021
45129
3 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ҳокимлигининг икки ходими 10,5 йилга қамалди

Андижон вилояти ҳокимлиги қошидаги дирекция бош мутахассиси ва ҳокимлик тузилмасидаги бошқарма ғазначиси ер сотишга доир 135 минг долларлик пора ишида айбдор деб топилди.

"Ўзбекистон 24" телеканали эфиридан кадр

4 июнь куни Андижон вилоят судида вилоят ҳокимлигининг икки ходими устидан 135 минг долларлик коррупцион жиноят иши бўйича ҳукм ўқилди.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг маълум қилишича, суд ҳукми билан қуйидаги тўртала судланувчи ҳам айбдор деб топилган:

  • Ойбек Абдужалилов – 2019 йил 1 ноябрдан ҳозирги кунга қадар Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Кичик саноат зоналарини бошқариш ягона дирекцияси» бош мутахассиси лавозимида ишлаган;
  • Умиджон Солиев – Андижон вилояти ҳокимлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси хўжалик мудири – кассир лавозимида ишлаган;
  • Абдулҳамид Усвалиев «Универсал водий гипс» МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаган;
  • Абдураҳмон Усвалиев – фуқаро.

Иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, судланувчилар олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлганлари ҳолда жабрланувчи И.Дадахўжаевга Хўжаобод туман ҳокимияти мансабдор шахслари орқали туман ҳудудидан чорвачилик фермер хўжалиги ташкил қилиш учун жами 100 гектар ер майдони ажратиб, ҳужжатларини тайёрлаб беришлари эвазига, фирибгарлик йўли билан уни жами 135 минг доллар миқдорида пора беришга далолат қилган.

Гуруҳ аъзолари 2021 йил 26 март куни И.Дадахўжаевдан келишилган сумманинг дастлабки 7 000 долларини олган. 29 март куни эса қолган 128 минг долларни Андижон шаҳар Бўстон даҳасида жойлашган «УзДонгЯнг-Ко» қўшма корхонаси олдида олаётганларида ДХХ ва департамент ходимлари томонидан ушланган.

Шу куни О.Абдужалиловнинг ихтиёрий розилигига кўра давом эттирилган тезкор тадбирда, У.Солиев талаб қилинган 135 минг доллар миқдоридаги пуллардан ўзига тегишли 70 минг долларни жиноий шериги О.Абдужалиловдан Андижон шаҳар, Пушкин кўчасида жойлашган РШТЁИМ Андижон филиалининг автотураргоҳида олган вақтида ДХХ ҳамда департамент ходимлари томонидан ушланган.

Суд ҳукми билан тўртала судланувчи ҳам Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбли деб топилди.

Ойбек Абдужалилов ва Умиджон Солиев 3 йил мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 10 йил 6 муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Абдулҳамид Усвалиев ва ва Абдураҳмон Усвалиев 10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 3 июнь куни президент ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда ҳоким қарори билан нодавлат секторга ер ажратиш ҳамда ерларни тўғридан тўғри бериш амалиётлари бекор қилиниши маълум қилинди.

Мавзуга оид