Ўзбекистон | 20:47 / 10.05.2020
22917
4 дақиқада ўқилади

«Ҳамманинг ҳам ота-онаси пул юбора олмаяпти, ишлашимизга эса имкон йўқ» – Москва ва Томскдаги талабалар

Ўзбекистон коронавирус туфайли ўз чегараларини ёпганига ҳадемай икки ой бўлади. Бу вақт давомида хориждаги ватандошларни олиб келиш учун бир нечта чартер рейслар ташкил қилинди, аммо ҳали оилаларига қайта олмаётган хориждаги ўзбекистонликлар талайгина.

Таҳририятимизга Россиянинг Москва ва Томск шаҳарларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалар мурожаат қилишди. Улар билан онлайн суҳбатимизда яшаб турган ҳудудларидаги вазият, қандай ҳаёт кечиришаётгани ва ватанга қайтиш истаклари ҳақида сўз борди.

Aббос Aҳмадов – Россия миллий технологик тадқиқотлар университети (МИСиС) талабаси:

– Университетлар 15 апрелдан ёпилган ва масофадан ўқиш йўлга қўйилган. Бизга дарслар Zoom, Microsoft Teams дастурлари орқали ўтиляпти.

50 кундан бери карантиндамиз, университет ётоқхоналарида яшаяпмиз. Ташқарига чиқишга фақат 2 соатга рухсат берилган.

Ўзбекистон элчихонаси томонидан ҳайрия ташкиллаштирилди. Ўша пайтда йиғилган Москвадаги талабалар билан очган чатимизда гаплашиб, ҳол-аҳволимизни билиб, турамиз.

Ётоқхоналарда биттадан қаватлар бўшатиб қўйилган. Иситмаси чиққан талабаларни ана шу қаватдаги хоналарга 14 кунга карантинга жойлаштиришган.

Ҳар хил шароитли талабалар бор. Кимнингдир оиласи пул юбора олади, кимнингдир оиласининг имкони йўқ. Талабалар ўқишдан кейин озгина бўлса ҳам ишлаб пул қилиб юрарди, лекин ҳозир кўчага чиқишлар тақиқланган ва ишлар ҳам ёпилган. Университет томонидан ҳар ҳафта бизга озиқ-овқат еткизиб берилади.

Университетимиз талабалар ўз ватанига қайтиш масаласида Ўзбекистон элчихонасига хат юборди. 10 майдан кейин рейс бўлади, дейишди; 450 талабани олиб кетиб, битта жойга жойлаштиришлари айтилди. 10 май ҳам яқинлашиб қолди, лекин ҳеч қанақа янгилик бўлмади. Кейинроқ эса 30 июнгача ҳеч қандай рейслар бўлмайди, деб айтилди.

Биз талабалар халқдан, давлатдан олиб кетишларини талаб қила олмаймиз, Фақат илтимос тарзида айтмоқчимиз, бизни Ўзбекистонга қайтишимизда амалий ёрдам кўрсатишса, яхши бўлар эди.

Қозоғистон, Қирғизистондан талабалар бор. Уларга давлатлари томонидан поезд, автобуслар уюштирилди ва ўз юртларига қайтарилди. Тожикистон талабалари ҳам ўз юртларига қайтишди.

Москвада колл-марказлар ташкиллаштирилмаган. Фақат 03 рақамига телефон қилинади. Бу ерда ўзбек талабаларининг ҳеч қайси бирида суғурта йўқ. Суғуртасиз бизни давлат шифохоналари қабул қилмайди. Aгар суғурта бўлмаса, ўз ҳисобидан даволанади.

Битта талабага 1 ойга камида 200 доллар кетяпти. Бу 2 миллион сўм пул дегани. Боласи учун ойига шунча пул юборишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди.

Малика Aминова – Томск политехника университети талабаси:

– Томск политехника университетида сиртдан таҳсил оламан. Томскка 5 март куни имтиҳон топшириш учун келганмиз. Келганимиздан сўнг, 1 ҳафтадан кейин пандемия бошланди ва бизни карантин режимига туширишди. Сессияларимизни ёпганмиз, ҳозир диплом ишимизни ётоқхонадан чиқмасдан ёзиб ўтирибмиз.

Ўзбекистондаги вазиятни тушуниб турибмиз, элчихона билан алоқа қилиб, рейслар қачон бўлишини сўраяпмиз. Лекин ҳеч қандай маълумот йўқ. Яқинда АҚШ элчихонаси америкалик талабаларни олиб кетди.

Ота-оналаримиз жўнатган пулга қараб ўтирибмиз. Чиқиб ишлашга эса имконият йўқ. Пул масаласи бўйича ҳеч кимдан ёрдам сўрамадик, фақат рейс бўйича элчихона билан боғландик.

Бизда ҳеч қандай дезинфекция қилиш ишлари бўлгани йўқ, на шаҳарларда, на дўконларда ва ҳатто ётоқхоналаримизда ҳам. Бундан эса қўрқяпмиз. Томск шаҳрида карантин қоидаларига риоя қилинаётгани йўқ: кўчаларда одамлар маскасиз юришибди. Шаҳарда касалланганлар сони 150тадан ошди. Карантинга олинганлар эса 600га яқин (интервью 5 май куни ёзиб олинган – таҳр).

Дорихонада оддий бош оғриқ дориларни ҳам суғуртамиз бўлмагани сабабли бизга беришмайди. Томскда битта талаба учун 1 ойда фақат озиқ-овқатга 200 доллар ва ундан кўпроқ пул сарфлаяпмиз.

Томскда ўзбек талабаларида Covid-19 аниқланмади. Бу ерда тиббий ёрдам пуллик. Давлат поликлиникаларига умуман қабул қилмаяпти.

Соғ-саломат оиламиз ва фарзандларимизнинг олдига боришни хоҳлардик. Бизни ҳам олиб кетишларини илтимос қиламиз.

Мавзуга оид