18:56 / 03.05.2019
10870

Токио Олимпиадасига борадиган Ўзбекистон делегацияси таркибида ЖИДУ талабалари ҳам бўлади

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйиладиган бўлди. Бугун, 3 май куни ЖИДУ мажлислар залида «Спортда бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисида» меморандум имзоланди.

Меморандумга биноан, ЖИДУда спорт бошқаруви кадрларини тайёрлаш, турли миллий ва халқаро спорт федерациялари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиш, шунингдек, университет магистратурасида «Спорт хуқуқи» кафедрасини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, МОҚ президенти ва ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг сўзларига кўра, ҳамкорлик доирасида университет талабаларининг турли спорт турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоалари билан чет эл сафарларига чиқишлари ҳам кўзда тутилган.

«Ҳамкорлик доирасидаги ишларимизни кейинги ҳафталардан, университет тавсия этган иқтидорли талабаларни бокс ёки дзюдо делегациямиз билан чет элга чиқаришдан бошлаймиз.

Муҳтарам юртбошимизнинг топшириқлари билан, 2030 йилги Осиё ўйинларини Тошкент ва Самарқандда ўтказиш бўйича Осиё Олимпия Кенгашига заявка берганмиз. Унгача сизлар чет элга бориб, ўрганиб турасизлар, сизларнинг ёрдамингизсиз ҳеч нарса қила олмаймиз. Кейинги йилги Токио Олимпиадасига шу университетга ўнта жой берамиз. Улар биз билан бирга боришади; худо хоҳласа, Ўзбекистон байроғини юқори кўтариб, халқимизни хурсанд қилиб қайтамиз», – деган Аҳмаджоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этиш керак, бугун имзоланган меморандум асосида Осиё ўйинларига сифатли тайёргарлик кўриш учун зарур кадрлар етиштириш борасида ишлар олиб борилади.

Тадбирда, шунингдек, ЖИДУ биринчи проректори Матёқуб Бақоев, халқаро алоқалар бўйича проректор Саидмухтор Саидқосимов, МОҚ бош котиби Жасур Матчанов, бошқа мутасаддилар ва спортчилар, шунингдек, талабалар иштирок этишди.

МОҚ расмийлари ЖИДУ раҳбарияти ҳамроҳлигида университет кутубхонасини бориб кўришди. Умид Аҳмаджонов кутубхонага Ахбор Имомхўжаевнинг яқинда нашрдан чиққан ва ўзбек футболининг 100 йиллигига бағишланган «Аср футболидаги асл қадрдонларим» ва МОҚнинг «Олимп сари» китобларидан совға қилди. Кутубхонада Миллий олимпия қўмитаси бурчагини ташкил қилиш таклифи билдирилди. 

Top