«Халқ сабр қилишдан чарчади». Лукашенконинг рақиби можароли интервью берди ва кўп ўтмай қўлга олинди
Август ойида Беларусда президентлик сайловлари ўтказилади. Мамлакатда 26 йил ичида илк марта президентлик сайловларида интрига пайдо бўлгани ҳақида гапиришмоқда. Беларусда минглаб одамлар мустақил номзодларни қўллаб имзо тўплаяпти.
Ўз навбатида Лукашенконинг рақибларига ҳар хил таҳдидлар бўлиб уларнинг корхоналари текширувдан ўтказилмоқда. «Медуза» сайловларда Александр Лукашенконинг асосий рақиби сифатида қаралаётган Виктор Бабарико билан суҳбат уюштирди. Маълум бўлишича, Бабарико 20 йил бошқарган «Белгазпромбанк»да текширувлар бошланган. Лукашенко сайловдаги рақибини расман фирибгарликда айблаб чиқди.
(Интервью эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб Виктор Бабарико қўлга олинган. Унинг уйида ҳам тинтув бошланган)
– Куч тузилмалари сиз бошқарган «Белгазпромбанк»га боришди, кейинчалик банкда раҳбар ўзгарди. Сизга яқин одамлар қўлга олинди. Банк атрофида нималар бўляпти?
– Мен бир ойдан буён банк ходими эмасман, шу сабаб бу борада ҳеч ким менга алоқага чиққани йўқ. Менимча, буларнинг барчаси менга қаратилган сиёсий буюртма эканини ҳамма яхши тушуниб турибди. Тўғриси, ҳозир банк атрофида нима бўлаётганини билмайман.
– Яъни, банк ходимларига қилинган тазйиқни аввало президентликка номзод бўлганингиз учун қилиняпти деб ўйлайсизми?
– Мен томонимдан қарасангиз, мантиқан шундай. Бизнинг фаолиятимиз атрофида ғалати ҳаракатлар занжири пайдо бўлган. Қаранг, биз ҳаққоний сайловларни қўллашимизни айтяпмиз, декларация қабул қиляпмиз, қолган номзодларни ҳам буни қўллашга чорлаяпмиз ва бир неча кун ўтиб биз чет элдан ёрдам олаётганимиз ҳақида кескин чиқишлар, одамларимизга таҳдид қилишларига гувоҳ бўляпмиз.
Кейин биз бу таҳдидларга муносабат билдиряпмиз ва кимдир таҳдидга учраётган бўлса, уни ҳимоя қилишимизни айтяпмиз. Бу вақтда «Приват Лизинг» корхонаси ҳақида (Бу корхона Бабарико бошқарган банкнинг мижози бўлган ва Лукашенко сайловдаги рақиби айнан мана шу корхона орқали фирибгарликларда қатнашганини айтганди – таҳр.) маълумот чиқяпти. Эмишки, бу корхона 2016 йилдан буён фирибгарлик ишларида аралашган ва шунча вақт «кузатувда бўлган». Ахир қанақасига бир корхона 4 йил давомида фирибгарлик қилганига қараб туриш ва чора кўрмаслик мумкин?
Кейин яна изоҳлашдики, хорижий банкдан келиши керак бўлган қандайдир ҳужжатни кутишган ва у декабрда келган. Хўп, ўша қурғур қоғоз декабрда келди дейлик. Январда миллий банк текширув ўтказди, ўшанда мен бошқарув раҳбари эдим. Табиийки қандайдир камчилик топишган. Аммо 5 ой ўтиб мен президентликка номзодимни илгари сурдим ва кўп овоз оладигандек бўлганимдан кейин ўша бир парча қоғоз ҳаммага керак бўлиб қолди. Менимча, буларнинг ҳаммасида боғлиқлик бор.
Менинг энг яқин дўстларимга нисбатан ҳам босим қилишмоқда. Банк ходимларидан ташқари шунчаки менга яқин бўлган одамларни ҳам ушлаб кетишган. 72 соат ўтгач ҳам уларга ҳеч қандай айблов қўймай 10 кунлаб ушлаб туришмоқда. Кечирасиз-у, бундай босимни кўтариш учун одамдан кўп нарса талаб қилинади.
– ОАВда банк ходимлари сизга қарши кўрсатма бераётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
– Бундай гаплар беш кундан буён чиқиб ётибди. Бунча узоқ вақт давомида нимани гапириш мумкин экан, ҳайронман. Одамларнинг қийналаётгани менга руҳий босим юкламоқда. Бизнинг банк мамлакатда узоқ йиллар энг яхши тижорий банк бўлиб келган. Буни кўплаб рейтинглар кўрсатган. Албатта, бўлаётган ишларни қабул қилиш осон эмас...
– Бўлаётган воқеаларни сайлов билан боғлаяпсиз. Айтинг-чи, рейтингингиз юқори эканини қачон билдингиз?
– Беларусда ижтимоий сўров ўтказиш имкони йўқ. Уларни фақат битта расмий ташкилот ўтказади. Ҳозир интернет орқали овоз беришни ҳам тақиқлаб қўйишди. Аммо муқобил номзодларни қўллаб-қувватлаётганлар кўпайиб бораётганини кўряпмиз. Масалан, биз 300 минг имзо тўпладик. Ваҳоланки, номзод сифатида рўйхатдан ўтиш учун 100 минг имзо ҳам етарли эди. Биз рақамларни яширмай эълон қиляпмиз ва бу ҳукуматга ёқмаяпти.
– ОАВда имзо тўплаш жараёнидаги навбатлар тасвирланган суратлар тарқалди...
– Ҳа, шундан ҳам кўришингиз мумкин. Одамлар амалдаги ҳукумат учун имзо қўйишмаяпти. Бу ҳолат эса ҳукуматга ёқмаяпти.
– Беларусь ҳукумати учун бундай кайфият кутилмаган ва қўрқинчли дейиш мумкинми?
– Ҳа. Менимча, ҳукумат бу нарсани тушунмаяпти. Тасаввур қилинг, президент ўз одамларини «народец» (кичик миллат маъносини берадиган камситувчи сўз) деб аташи мумкинми? Бу унинг (яъни Лукашенконинг) одатий сўзи. У бутун бошли Европадаги мамлакат пойтахтини (Минскни) «қандай тоза шаҳарча» деб аташи мумкин. Одамлар давлатга тегишли буюмдек ҳисобланадиган бу қадар ишончдан ҳайратга тушиш мумкин. Балки шу ишонч «Вирус йўқ нарса, ахир мен уни кўрмаяпман-ку», деб гапиришга имкон бергандир. Оқибатда одамлар стадионларга, парадга боришди.
Беларуслар хотиржам халқ, аммо улар бунақа ҳурматсизликдан чарчашди. Ҳукумат тушуниши керак, гап муқобил номзодларда эмас, шунчаки халқ сабр қилишдан чарчади. Бабрикони ёки бошқа одамни олиб ташлаш асосий масала эмас. Гап шундаки, Беларусь ортиқ аввалгидек бўлмайди. Бу янги Беларусь. Аммо ҳукуматда «Мен бунга йўл қўймайман, ҳеч кимга бермайман», дегувчилар раҳбар. Нима, биз крепостнойлар-у, мамлакат хусусий корхонами?
Менинг кампаниям «Мен – менежер» деган шиор билан олға бормоқда. Мен корхона раҳбари бўлиш учун конкурсда қатнашгани ўз номзодимни кўрсатдим. Корхонанинг акционери – халқ. Халққа бу манзур бўлмоқда, одамлар қайсидир шахсий компаниянинг қули эмас, мамлакатнинг эгаси эканликларини тушуниб етишмоқда.
– Сайловда номзодингизни илгари суриш фикри қачон пайдо бўлди?
– Менга икки нарса туртки бўлди. Беларусь ҳукуматида тинмай иқтисодий мўъжиза яратганликлари ҳақида гапиришди, аммо бу мўъжиза газга белгиланган қулай нарх, нефтни қайта ишлаш имконияти ва бизга берилган кредитлар эвазига пайдо бўлганини айтишмади. Ўтган йил охирида уларнинг олдига келишди-да (Россиядан) «Хўш, яна пул хоҳласангиз, 31-йўл харитасига (гўёки Россия ва Беларуснинг муносабатларини яқинлаштирадиган келишув. Унда икки мамлакат ўзаро ягона валютага эга бўлиши каби бирлашишлар мавжуд. Беларусда буни суверенитетга дахл қилиш деб баҳолашган) имзо чекинг», дейишди. Бу харитани ҳеч ким кўрмаган, аммо ҳамма бу суверенитетга дахл қилишини тушуниб турибди.
Яна бир нарсани ҳисобга олишмаяпти, мамлакатда собиқ иттифоқ нима эканини билмайдиган ва ўз давлатида яшашни истайдиган авлод пайдо бўлди. Аммо бизга «Кечирасиз, бунақаси ўхшамади», дейишяпти. Айнан ҳукуматнинг сиёсати шундай ҳолатга олиб келди.
Кейин эса коронавирус пайдо бўлди. Ҳукумат бу вақтда нафақат ўз халқи устидан геноцид уюштирди, балки ақл бовар қилмас бепарволик кўрсатди. Ана шундай вақтда ҳеч ким кутмаган воқеа содир бўлди – фуқаролик жамияти уйғонди. Беларуслар бирлашди, ўзларини, ўз шифокорларини ҳимоя қилиш кераклигини англашди. Улар ҳукуматга эмас, фақат ўзларига суянишлари мумкинлигини тушуниб етишди.
Ўз навбатида мен ҳам ҳукумат ўз фуқароларини оёқости қилмайдиган, аксинча ҳимоя қиладиган давлатда яшашни хоҳлаётганимни сездим. Набираларим ҳам шундай давлатда яшашини истадим.
– Сиз етарли имзо тўплаганингиз ҳақида гапирдингиз. Айтинг-чи, рўйхатга олиш вақтида улар сохта деб топилмаслигига қанчалик ишонасиз? Масалан, Россияда мана шундай ҳолат кузатилганди.
– Биз жараённи жуда яхши биламиз. Имзолар бўйича махсус гуруҳ ишламоқда ва уларни битта тизимда бирлаштирамиз. Шунда имзоларни сохталаштиришнинг имкони бўлмайди. Барча содир бўлиши мумкин бўлган ҳолатларни инобатга олганмиз. Ҳали мустақил Беларусь давлати тарихида ҳеч қачон 100 мингдан ортиқ имзо тўплаган номзод сайловга рўйхатдан ўтмай қолмаган. Ҳеч қачон! Агар бу гал шундай бўлса, ҳукумат қўрқиб кетиб мағлубиятини олдиндан тан олган бўлади.
– Ташвиқот билан боғлиқ муаммо бўлишини кутяпсизми?
– Имзо тўплаш вақтида номзоднинг фақат биографияси келтирилади. Чинакам ташвиқот эса номзод сифатида рўйхатга олишганидан кейин бошланади. Давлат телеканалларида ташвиқот борасида муаммога учрашимизни тахмин қиляпмиз, аммо маълумот етказиш учун бошқа воситалар ҳам кўп. Беларусда интернетнинг роли жуда катта. Ижтимоий тармоқлар, интернет ресурслар орқали яхшигина тарғибот ишларини олиб бориш мумкин.
– Сизнинг тарафдорларингиз орасида раҳбарлар ёки бюджетдан маош оладиганлар борми?
– Биласизми, қонунсизлик, ёлғон барчанинг сабр косасини тўлдирган. Бизда лавозими ёши ва жинсидан қатъи назар ҳамма оёқости қилиниши мумкин. Масалан, генерални қандай ҳурматсиз қилиш мумкин? Бу паст кетиш. Президент эса унинг олдида ҳамма бир хил эканини айтади: раҳбар ҳам, генерал ҳам, бюджетдан маош оладиган ҳам...
Вирус юқтириб олган шифокорлар етарлича ҳимоя воситалари билан таъминланмаганига қарамай, ҳаммасига ўзлари айбдорликларини эшитиб қизаришга мажбур қилинди. Кечирасиз, пичоқ бориб суякка қадалди. Бу қадар камситилишдан ҳамма чарчади. Шу боис биз электоратимизни тоифаларга ажратмаймиз.
– Одамлар сайловларда қатнашишга қанчалик тайёр?
– «Ҳалол одамлар» деган лойиҳа доирасида одамлар сайловга жалб қилинмоқда. Умид қиламиз, бу фойда беради. Чунки обрўли одамлар, масалан, мактаб директорларининг гапини кўпчилик ҳурмат қилади.
Яна бир жиҳатга эътибор бериш керак. Александр Григорьевичда доим 80 фоиз бўлмаса-да, камида 50 фоиз захира билан устунлик бўлган. Бу гал биз сайлов натижаларини сохталаштиришнинг олдини олиш учун ўз электоратимизнинг сонини санаб борамиз. Бунинг имкони бор. Аммо натижалар яна сохталаштирилиб, қўпол қилиб айтганда, 3,5 миллион беларусдан «президент ўғирланса» ва алданган сайловчилар майдонларга чиқишса, мен албатта улар билан бирга бўламан.
– Умуман, ҳозир одамларнинг кайфияти қандай? Улар ривожланишнинг европача йўналишини исташмоқдами ёки русча?
– Биз беларусчасига ривожланишни, чинакам иқтисодий мустақил давлат қуришни истаймиз. Тамом!
26 йил давомида мамлакатни шундай ҳолатга келтириб қўйишдики, гўёки тўрт томонимиз душманга тўла ва дўстимиз йўқдек. Халқимиз жуда тинчликсевар ва бизни қанақасига душманлар ўраб олган бўлсин? Бизда кўп нарса бўйича қарама-қарши фикрлар бор: давлат рамзларига, тилга, Россияга, Европага, Америкага, хуллас барча нарсага бўлган муносабатларда ҳар хиллик бор. Аммо халқни бир нарсани бирлаштирган: биз чинакамига мустақил давлат тузишни истаймиз. Қолганини кейин ҳал қиламиз.
Ҳайрон қоламан, бизда қимматбаҳо нима бор эканки, ҳамма бизга ҳужум қилиш ҳақида орзу қилаётган бўлса? Эртага ўнгдан, чапдан, жанубдан, шимолдан бостириб келишади дейиш аҳмоқлик-ку! Бунақа бўлмайди ахир. Беларуслар шунчаки ўз давлатларида рисоладагидек яшашни исташмоқда.
– Кеча яна бир номзод Светлана Тихановская уни ўз номзодини олишга мажбурлашаётганини айтди. Сизга бунақа ишоралар беришмадими?
– Тихановская кейин нима деганини биласизми? Барибир сайловда қатнашаман, деди!
Биз дастлабки 100 мингта имзони тўплашимиз билан телефоним қўнғироқлардан «ёрилиб кетди»: яширин танишларим мени қўлга олишларидан огоҳлантира бошлашди. Мен бунақа босимни кўтаришга тайёрман. Яқинларимни мен сабаб ушлаб туришганидан виждоним қийналяпти, аммо менинг қариндошларим, дўстларим «9 августгача чидаймиз, ахир шунча йил чидадик-ку...», дейишди. Беларуслар бундай давлатда ортиқ яшай олмайди, буни хоҳлашмайди ҳам.
– Беларусда сайлов кампанияси вақтида фаолларни қўлга олиш ҳолатлари аввал кузатилган. Ҳозир-чи?
– Ҳозирча бунақаси бўлгани йўқ. Ахир биз ҳали номзод ҳам эмасмиз, аммо босим шунчаки даҳшатли даражада! Одамлар ёлғондан кўнгли айнийдиган даражага келди. Ҳукумат коронавирус билан билан алдай бошлаганди, ҳозир ҳам алдашда давом этмоқда. Ҳеч ким ҳеч нарсага ишонмай қўйди. Айтганча, ишонмай тўғри қилишади.
– Беларусда бу йил ҳукуматни алмаштириш имкони борми?
– Албатта, мен бунга ишонаман Энг даҳшатлиси, буни ҳукуматнинг ўзи тушунмаяпти. Ҳозир ҳам тинчгина четга чиқиши мумкин бўлган ҳукумат... Ҳеч бир номзод кимдир қатл этилиши таклифи билан чиқмаяпти, ҳамма «Ўртоқлар, 26 йил етарли муддат. Яхшигина хайрлашайлик», демоқда.
Шу ўринда савол туғилади: сайлов 9 августда ўтармикин ёки кейинги йилга қолдириладими? Нима бўлса ҳам, энди беларуслар ўзгаришди. Ҳа, улар ўзгаришди! Балки ҳукуматдагилар сайлов ўтсин, кейин ҳаммасини жойига тушириб оламиз, деб ўйлаётгандир, аммо энди ҳаммаси олдингидек бўлмайди. Беларусларни энди ортга қайтариш имконсиз!
- Ҳозирги вақтда Виктор Бабарико қўлга олинган. У ўғли билан бирга «Белгазпромбанк» иши бўйича сўроқ бериш учун олиб кетилган. Маълум бўлишича, ҳозиргача 400 минг киши президентлик сайловларида қўллашини маълум қилган Бабарико пул ювиш ва солиқлардан қочишда айбланмоқда.