Жаҳон | 00:17 / 12.05.2023
35677
3 дақиқада ўқилади

Россияда қотилликлар кўпайгани боис мигрантларни фронтга жўнатиш таклиф этилди

Мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар кўпайгани туфайли, уларни Украинадаги уруш ҳудудига юбориш таклифи янгради.

Фото: РИА Новости

Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин Санкт-Петербург халқаро юридик форумида сўзлаган нутқида мигрантлар томонидан содир этилган қотилликлар миқдори йилига 18 фоизга ошганини маълум қилди.

Шу сабаб у ижтимоий тармоқларда янграётган фикрларни таклиф қилди: мигрантларни урушга жўнатиш, агар рад этишса, ватанига қайтариш.

«Бу одамлар томонидан айтилган фикр: руслар ҳозир фронтда, мигрантлар эса орқамиздан зарба бермоқда. Одамлар таклиф қиляпти, агар улар Россия фуқаролигини олган бўлса, марҳамат, фронтга отлансин. Фронтга бормадими, фуқаролик бурчини бажармадими, марҳамат, ватанига жўнаб қолсин», деди Бастрикин.

Тергов қўмитаси раиси келтирган статистик маълумотларга кўра, 2021 йилда Россияда 12 миллион, 2022 йилда эса 14,5 миллион мигрант бўлган. Шу билан бирга, 2022 йилда мигрантлар томонидан содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятлар сони 11 мингдан 15 минггача, улар орасида қотилликлар 18 фоизга ошган. 

«Яъни мигрантлар сони ортиб бормоқда ва мигрантлар томонидан содир этилган оғир жиноятлар сони ҳам кескин ошиб бормоқда», деди у.

Александр Бастрикин бундай чорани айнан ким таклиф қилганига аниқлик киритмади. Бироқ бир кун аввал, 10 май куни Коммунистик партиядан Давлат Думаси депутати Михаил Матвеев Россия фуқаролигига эга бўлган мигрантларни Украинадаги уруш ҳудудига юборишга рухсат берувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишини эълон қилди. 

Амалдаги қонунчиликка кўра, икки фуқароликка эга бўлганлар муддатли ҳарбий хизматга чақирилмайди, фақат шартнома имзолаш орқали Россия қуролли кучлари сафига кўнгилли сифатида кириши мумкин.

10 апрель куни Александр Бастрикин 2022 йилда чет эл фуқаролари томонидан содир этилган жиноятлар бўйича 4231 жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Уларнинг 893 таси қотиллик ва қасддан баданга оғир шикаст етказиш ҳолатлари бўйича. 

Жиноятларнинг энг кўпи Москва вилоятида содир этилган бўлиб, 2-ўринни Москва шаҳри, 3-ўринни Санкт-Петербург эгаллади, деб таъкидлади у.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид