Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский: Беларус Россияга Украина ҳаво мудофаасини четлаб ўтишга ёрдам беряпти
Володимир Зеленский Россия дронлари Беларус иштирокида Украина ҳаво мудофаасини четлаб ўтиб, Украинанинг ғарбий ҳудудларига ҳужум қилаётганини билдирди. Разведка маълумотларига кўра, бундай ускуналар Беларуснинг чегараолди ҳудудларида турар жой биноларига ўрнатилмоқда.
Россия қўшинлари қўшни Беларус ҳудуди орқали Украинадаги дронларни тутиб қолувчи воситаларнинг ҳимоя позицияларини четлаб ўтишга уриняпти, деди Украина президенти Володимир Зеленский жума, 26 декабр куни кечқурун ўтган олий бош қўмондон ставкаси йиғилишида. Ушбу йиғилиш тўлиқ “дронлар, ҳимоя чизиқлари ва Украинанинг жавоб чоралари” мавзусига бағишланган. Зеленский ўз Telegram-каналида: “Бу Беларус учун хавфли. Биз ‘Орешник’ билан боғлиқ қадамларни кўряпмиз, энди — дронлар ёрдамида. Афсуски, Беларус ўз суверенитетини Россиянинг агрессив амбициялари фойдасига топширяпти”, — деб қайд этди.
Зеленский, шунингдек, россияликлар Украина ҳаво мудофаасининг чегараларини — хусусан, дрон тутиб олувчи воситалар жойлашувини кўриб туришини ва уларни четлаб ўтишга ҳаракат қилаётганини таъкидлади. Украина разведкаси маълумотларига кўра, Украинага зарба беришда қўлланаётган ускуналар “чегара яқинидаги Беларус аҳоли пунктларида, жумладан турар жой уйларига ҳам” ўрнатилмоқда. “Аслида оддий 5 қаватли уйлар томларида дронларни ғарбий ҳудудларимиздаги нишонларга йўналтиришга ёрдам берадиган антенналар ва бошқа ускуналар жойлаштирилган”, — деб ёзди президент.
Зеленскийнинг айтишича, бу “жиддий масала”га жавоб навбатдаги олий бош қўмондон ставкаси йиғилишида берилади. “Бу инсон ҳаётини мутлақо писанд қилмасликдир, ва Минск бундай ўйинларни тўхтатиши муҳим. Ҳамкорларни хабардор қиламиз ва қўшма жавоб чораларини тайёрлаймиз”, — деди у.
Украина бош вазири Юлия Свириденконинг хабар беришича, 23 декабрга ўтар кечаси Украина энергетика инфратузилмаси Россия ҳужумига учраган, энг кучли шикастланишлар эса мамлакат ғарбидаги энергия объектларида қайд этилган. Украина Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, шу куни эрталаб Россия зарбалари оқибатида Ровно, Тернопил ва Хмельницкий вилоятларида истеъмолчилар деярли тўлиқ электрсиз қолган.
25 декабр кечқурун Россия қўшинлари Волин вилоятидаги муҳим инфратузилма объектига дронлар билан ҳужум қилди. Волин вилоятидаги Ковел темирйўл станциясидаги ҳужум натижасида локомотив ва юк вагони шикастланди, локомотив депоси цехининг ойналари эса портлаш тўлқинидан синиб кетди.
Радиоэлектрон кураш ва алоқа тизимлари бўйича эксперт Сергей Бескрестновнинг сўзларига кўра, Россия Украина ва Полша ўртасидаги логистикани тўсиш учун Киев — Ковел темирйўл йўналишини мақсадли равишда нишонга оляпти. Эксперт бу дронлар РФдан кириб келса-да, уларни бошқариш Беларус ҳудудидан амалга оширилишини таъкидлади.
Беларус қўшинлари Россиянинг Украинага қарши урушида фаол иштирок этмаяпти, аммо эҳтимолий босқин хавфи Украина Қуролли кучларининг бир қисмини умумий чегарада ушлаб туришга мажбур қилмоқда.