Жамият | 00:19 / 12.04.2018
30231
7 дақиқада ўқилади

Пайшанбада пенсия тарқатишдаги навбатлар: вазият аслида қандай?

«Озодлик» радиосининг «Сиздан телеграм» рукнида Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани «Пайшанба» ва «Мирзо Улуғбек» маҳаллаларида яшовчи аҳоли нафақа пулини оламан деб, 2-3 кун навбатда туриб, сарсон бўлаётгани, кўпчилик (улар орасида ногиронлар ҳам бор) кута-кута уйга қуруқ қўл билан қайтаётгани, айримларнинг навбатда туриб, тоби қочаётганини акс эттирган фотосурат эълон қилиниб, оддий халқни қийнаётган муаммо ҳал этилиб, нафақа пулини аҳолига тез ва соз етказилиши сўралган.

Фото: ozodlik.org

Kun.uz мухбири Каттақўрғон туманида бўлиб, «Мирзо Улуғбек» маҳалласи (мурожаатда кўрсатилган «Пайшанба» деган маҳалла йўқ экан, афтидан, туман маркази Пайшанба шаҳарчаси назарда тутилган — таҳр.) ва пенсия тарқатиш учун масъул бўлган «Халқ банки»нинг вилоят ва Пайшанба филиали мутасаддилари билан учрашиб қайтди.

Энг ҳайратланарли жойи, «Мирзо Улуғбек» маҳалласи «Халқ банки»нинг Пайшанба бўлимининг деярли рўпарасида жойлашган. Маҳалла оқсоқоли Илёс Халиловнинг айтишича, маҳаллада айни пайтда 3170 киши истиқомат қилади ва жами нафақахўрлар сони 297 нафарни ташкил этиб, уларнинг барчаси «Халқ банки» орқали пенсияни нақд кўринишда олишади.

Маҳаллада пенсия тарқатиш учун бир хона ажратилган. «Халқ банки» бурчагида эса пенсия тарқатиладиган саналар акс эттирилган график осиб қўйилган.

— Нафақат Каттақўрғонда, бутун вилоятда ҳар ойнинг 27-санасига қадар пенсия тарқатилиб бўлинади. «Халқ банки»да шу нарса йўлга қўйилган. Барча ҳисоб-китоблар электронлашган. Ким пенсия олгани, олмаганининг ҳисоби ҳар куни юритилади. Бирор сабаб билан ўз уйида бўлмаганлар, ёки сафарга чиққанлар бўлса, улар 27-санагача пенсиясини олишга улгурмаса, пул пенсия жамғармасига қайтарилади ва пенсия кейинги ойга қўшиб тўланади, — дейди АТ Халқ банки Самарқанд вилоят филиали пенсия ва нафақа тўловлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Фарҳод Шакаров. — Пенсия тўловларини маҳаллаларга ўз вақтида етказиш учун Самарқанд вилояти бўйича 58та «Дамас» автомашиналаридан иборат «Сайёр касса»лар ҳаракатланмоқда. Улар пуллар, кассирлар ва қўриқлаш учун бир нафардан милиция ходимини олиб юришади. Сайёр кассалар замонавий GPS тизими билан таъминланган. Вилоятдаги йўлларда юрганда уларнинг тезлиги ҳар қандай жойда 70 км/соатдан ошмаслиги, белгиланган жойга ўз вақтида, кечикмасдан етиб бориши, белгилаб берилмаган жойларда ҳаракатланишининг олдини олиш каби ҳолатлар тўлиқ кузатиб борилади ва назорат қилинади.

— Мирзо Улуғбек» маҳалласида ҳар ойнинг 5, 10, 15, 20, 25-саналарида пенсия тарқатиш учун кунлар белгилаб олинган. Айни пайтда, (10 апрель куни — таҳр.) бу маҳаллада тўлиқ пенсия тарқатиб бўлинди. Тўлов қайдномаларида алфавит бўйича рўйхат шакллантирилган, пенсия олишга келганлар шу рўйхат бўйича ўзлари навбат ҳосил қилишади. Ким қачон навбати келишини аллақачон ўрганиб олишган. Биринчи ўринда ётоқдаги, ёши кекса, болаликдан ногирон ва жисмоний имкониятлари чегараланган фуқароларимизнинг пенсиялари уйларига олиб бориб берилади, — дейди АТ Халқ банки Пайшанба филиали бошқарувчиси Лазиз Зияев.

Биз маҳаллада истиқомат қилувчи айрим пенсионерларнинг хонадонида бўлиб, маҳалла пенсия таъминоти билан боғлиқ ҳолат қандай эканлиги хусусида уларга саволлар билан мурожаат этдик.

Собир Қодиров (62 ёшда):

— Пенсияни маҳалладан оламиз. Нақд кўринишда ва ўз вақтида. Маҳаллада график белгиланган. Мен масалан, навбатимизга қараб 10 ёки 15-санага қолмай олиб келмоқдаман.

Ширин Бекмуродова (88 ёшда):

— Уйга опкеб беришяпти болам, пенсиямни. Раҳмат! Ўзлари келтириб, санаб бериб кетишяпти.

Каромат Бобомуродова (66 ёшда) ва Муборак Жўраева (60 ёшда):

— Биз шу ойнинг пенсиясини 5 апрелда олиб бўлдик. Бир йилча бўлди, шу, маҳалламиз биносида, ўз вақтида олиб келмоқдамиз.

Бахтиёр Зайниддинов (62 ёшда):

— Мен II гуруҳ ногирониман. Менинг пенсиямни доим ойнинг бошида уйимга келтириб беришади. Раҳмат банк ходимларига! Илгари пенсия почта орқали тарқатилганида мачитнинг ёнидаги почта идорасига 7та маҳалла бирваракайига борардик. 2–3 кунлаб катта навбат бўларди. Яхшигина жанжаллар бўларди. Пенсия тарқатиладиган куннинг ўзи ҳам аниқ бўлмасди. Ҳозир ундай муаммо қолмади. Менинг пенсиямни уйимга олиб келиб беришяпти.

Ўша куни маҳалланинг олдидан велосипедда ўтиб кетаётган эдим. Қарасам — пенсия тарқатишяпти. Тўғри, 10-15 кишидан иборат навбат бор эди. Бу бир маҳалла бўлса, пенсия баҳона одамлар маҳалла марказида у ёқдан бу ёқдан суҳбатлашиб ўтиришган эди. Ўша ерда ўтирганларнинг ичида пенсиясини олиб бўлганлар ҳам бор эди. Мен ҳам пенсия келган-келмаганини сўраб, аёлим пенсиясини ўзи бориб олади, унга хабар бераман, деб ўйлаб кетаётган жойим эди. Фотосуратимни олиб чиқариб юборишибди.

II гуруҳ ногирони, 82 ёшли Муродулла Ёрқулов хонадонида ҳам бўлдик. Бобонинг бироз тоблари йўқ экан. «Пенсиямни олиб келиб туришибди уйгача, болам. Раҳмат йигитларга», дея дуо қилиб қўйди пири бадавлат отахон.

Айни пайтда «Мирзо Улуғбек» маҳалласида пенсия олмаган 4 нафар пенсионер бор. Улар маҳаллада эмас, кимдир даволанишда, кимдир бошқа жойга меҳмонга кетган. Ойнинг 27-санасигача келиб мурожаат қилишса, уларнинг ҳам пенсияси ўша куниёқ берилади.

Ёдингизда бўлса, Каттақўрғон туманида паспорт столи олдида ҳам тиқилинч навбат ҳосил бўлаётгани ҳақида «Озодлик» радиосида фотоайблов эълон қилинган, Самарқанд вилоят ИИБ МФР бошқармаси бу ҳолат юзасидан ҳам Kun.uz’га тушунтириш берган эди.

Туманда фуқаролик позицияси юқори бўлган фуқароларнинг борлиги қувонарли, албатта. Бироқ вазиятни суратга олиб, унга юзаки изоҳ ёзиб мутасаддиларни сарсон қилиш эмас, ҳолат аслида қандай эканлигини аниқлаб, чиндан ҳам муаммо мавжуд бўлса оммавий ахборот воситасига мурожаат қилиш керак эмасми?

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz мухбири

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид