Хитой раҳбари Ғазо бўйича халқаро конференция ўтказишга чақирди
Си Жинпингнинг сўзларига кўра, Хитой мустақил Фаластин давлатини яратиш, Фаластиннинг БМТга тўлиқ аъзо бўлишини ва «каттароқ, нуфузли ва самарали халқаро тинчлик конференцияси ўтказилишини» қўллаб-қувватлайди.
Хитой раҳбари Си Жинпинг Исроил ва ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги урушни тугатиш учун кенг кўламли тинчлик конференцияси ўтказишга чақирди. «Яқин Шарқ – ривожланиш учун катта истиқболга эга мамлакат, бироқ у ерда ҳамон уруш давом этмоқда», — деди Хитой раҳбари 30 май, пайшанба куни Пекинда араб давлатлари вакиллари олдида қилган чиқишида. Унинг сўзлари Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сайтида келтирилган.
«Уруш чексиз давом эта олмайди, адолат абадий йўқ бўлиб қолмайди ва «икки давлат ечими»ни ўзбошимчалик билан бузиб бўлмайди», - деди Си Жинпинг. Унинг сўзларига кўра, Хитой «1967 йилдаги чегаралар доирасида тўлиқ суверенитетга эга бўлган мустақил Фаластин давлатини, унинг пойтахти Шарқий Қуддусни ташкил этишни, Фаластиннинг БМТга тўлақонли аъзо сифатида киришини ва кенгроқ, обрўли ҳамда самаралироқ халқаро тинчлик конференцияси ўтказилишини қатъий қўллаб-қувватлайди».
Миср президенти Ғазода «Исроил қамалини» тўхтатишга чақирди
Си Жинпингдан сўнг сўзлаган Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг Ғазо секторида ҲАМАСга қарши урушини тўхтатишга чақирди. «Халқаро ҳамжамиятни Ғазога зудлик билан узоқ муддатли гуманитар ёрдам кўрсатишга, Исроил қамалини тўхтатишга ва фаластинликларни ўз ерларини мажбуран тарк эттиришга уринишларни тўхтатишга чақираман», — деди ас-Сиси.
Бир кун аввал Миср раҳбари билан музокаралар чоғида Си Жинпинг Ғазодаги «ўта оғир» вазиятдан қаттиқ хафа эканлигини таъкидлади. «Ҳозирги кунда биринчи устувор вазифа можаро тарқалишининг олдини олиш, минтақавий тинчлик ва барқарорликка таъсир кўрсатиш ва […] янада жиддий гуманитар инқироз олдини олиш учун зудлик билан ўт очишни тўхтатишдир», деди Хитой раҳбари. Шунингдек, у Хитой «Фаластин масаласини эрта, ҳар томонлама, адолатли ва узоқ муддатли ҳал этишга эришиш» учун Миср билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлади.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 36 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
12:44 / 17.11.2024
«Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз». Байден ва Жинпинг Перуда учрашди
09:46 / 12.11.2024
АДЛ ва ИҲТ Исроилни Ғазодан чиқиб кетишга чақирди
19:17 / 11.11.2024
Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқдаги можарога тез фурсатда ечим топилиши муҳимлигини таъкидлади
14:13 / 08.11.2024