Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ҳаёти ва ижодига бағишланган бадиий фильм суратга олинмоқда
«Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига биноан «New sight media» ижодий студияси томонидан шоир, драматург Ҳамид Олимжон ҳамда шоира Зулфия ҳаёти ва ижодига бағишланган «Муҳаббат баҳори» номли бадиий фильм суратга олинмоқда. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати Kun.uz’га хабар берди.
Маълум бўлишича, фильмда Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимнинг болалик даври ва ижодий фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади. Унда жумладан, 1920-1940 йиллар воқеликларини кўриш мумкин.
«Суратга олиш ишлари жорий йилнинг ноябрь ойида тугалланиши режалаштирилган бўлиб, шоир Ҳамид Олимжон таваллудининг 111 йиллиги муносабати билан декабрь ойида премьера бўлиши кутилмоқда.
Фильмнинг суратга олиш ишлари Тошкент, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ҳамда Қўқон шаҳрида бўлиб ўтмоқда.
Фильм режиссёри Иброҳим Расулов, сценарий муаллифлари Микоил Сулайманов ва Зулфия Қуролбой қизи, постановкачи-оператор эса Талъат Мансуров», – дейилади агентлик маълумотида.
Қўшимча қилинишича, «Муҳаббат баҳори»да бош ролларни Ҳамза Ҳасанов (Ҳамид Олимжон), Шаҳноза Ҳожимуродова (Зулфия), Шоҳида Исмоилова, Абдурайим Абдуваҳобов, Меҳриддин Раҳматов ижро этган. Унда шунингдек, вилоят театрларининг кўплаб моҳир актёрларини ҳам кўриш мумкин.
Фильм режиссёри Иброҳим Расуловнинг айтишича, «Муҳаббат баҳори»да Ҳамид Олимжон ва шоира Зулфияхонимнинг бир-бирига садоқати, уларнинг адабиётга қўшган ҳиссаси, Ҳамид Олимжоннинг арбоблик ишлари ҳақида сўз юритилади.
«Фильмни суратга олиш ишлари юртимизнинг турли ҳудудларида бўлиб ўтмоқда. Жумладан, унинг маълум саҳналарини Ҳамид Олимжон яшаган ҳовлида ҳам суратга олиш режалаштирилган, - дейди у.
Мавзуга оид
16:01 / 05.11.2024
Зулфия номидаги давлат мукофоти талабгорларини танлаш тартиби белгиланди
14:10 / 21.06.2023
ИИВ бадиий фильм суратга олиш жараёнларидаги саҳналар бўйича изоҳ берди
07:46 / 09.11.2022
Зулфия номидаги давлат мукофоти комиссияси янгиланган таркиби тасдиқланади
20:00 / 16.10.2021