Ўзбекистон | 17:28 / 30.10.2020
1658
3 дақиқада ўқилади

ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раислари қўшма баёнот қабул қилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича ўзаро муносабатлар кучайтирилади

30 октябрь куни Олий суд раиси К. Комилов раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг Қозоғистон раислигида видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган ўн бешинчи йиғилишида иштирок этди.

Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг қонун устуворлиги, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ушбу соҳада тажриба алмашиш борасидаги ҳамкорлигини янада фаоллаштиришга қаратилган қатор долзарб масалалар кўриб чиқилди. 

Иштирокчилар судларнинг конституциявий қадриятларни тарғиб қилиш, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш, шунингдек, COVID-19 пандемияси даврида ҳуқуқий муносабатларни ҳал қилишдаги ролини янада ошириш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.

Шунингдек, судлар фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари ва глобал пандемия ҳамда иқтисодий инқироз даврида одил судловни амалга ошириш, суд тизимининг бу шароитда фаолият юритишига мослашиши, COVID-19 нинг олдини олиш ва назорат қилишдаги ўрни билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. 

Инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш жараёнида инсоннинг мажбуриятларига эътибор қаратиш муҳимлиги масаласи ҳам учрашув кун тартибидан ўрин олди.   

Томонлар ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги тижорат низоларини ҳал этиш механизмини такомиллаштириш, суд тизимида коррупцияга қарши курашиш ва судларда коррупция хавфининг олдини олишга эътибор қаратдилар.

Иштирокчилар миграция муносабатлари жараёнидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик ва ШҲТга аъзо давлатлар судлари томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш амалиёти масалаларига ҳам тўхталиб ўтдилар.

Йиғилиш якуни бўйича қўшма баёнот қабул қилинди. Унга мувофиқ ШҲТга аъзо давлатларнинг Олий судлари ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, хавфсизлик, барқарорлик, хайрихоҳлик, халқлар тинчлиги ва фаровонлигини сақлашга янада кўпроқ ҳисса қўшиш ниятидалар.

Шу билан бирга, ШҲТга аъзо давлатларнинг Олий судлари ШҲТ Хартияси, Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ва ШҲТ доирасида қабул қилинган бошқа халқаро шартномалар қоидаларини инобатга олган ҳолда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича ўзаро муносабатларни янада кучайтириш ниятидалар.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг жиноятларни тергов қилиш ваколатларини аниқ чегаралаш билан бирга жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини такомиллаштиришни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Имзоланган якуний баёнотга мувофиқ ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг навбатдаги йиғилиши 2021 йилда Қирғизистонда ўтказилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид