Ўзбекистон | 18:54 / 23.09.2024
7546
2 дақиқада ўқилади

Уй-жой сотиб олиш бўйича кафолатли эскроу тизими жорий қилинади – президент

Бунда қурувчи уйлар сотувини ташкил қилиш бўйича банклар билан шартнома тузади, бу уйларни олмоқчи бўлган одамлар пулини қурувчига эмас, тўғридан-тўғри банкка топширади. Натижада, харидорлар қурилиш тугалланмаган тақдирда пулидан айрилиб қолмайди, виждонсиз қурувчилар қурбонига айланишининг олди олинади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда уй-жой қуриб беришни ваъда қилган қурувчи ва бунга пул тиккан аҳоли ўртасида низолар кўпайиб бораётгани, бундай ноинсоф қурувчиларга алданиб, одамлар ҳам уйсиз, ҳам пулсиз қолаётгани қайд этилди.

Қайд қилинишича, қурилиш вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ хорижий тажрибани ўрганган ва энди уй-жой сотиб олиш бўйича кафолатли эскроу тизими жорий қилинади.

Бунда қурувчи уйлар сотувини ташкил қилиш бўйича банклар билан шартнома тузади, бу уйларни олмоқчи бўлган одамлар пулини қурувчига эмас, тўғридан-тўғри банкка топширади.

Банклар эса йиғилган пулни қурувчига ресурс сифатида беради. Шунда банклар қурувчи ва харидор ўртасида кўприк бўлиб, уй-жойни ўз вақтида ва сифатли қуриб, эгасига топширишга кафил бўлади.

Янги тизим Самарқанд шаҳри, Янгиҳаёт ва Сергели туманларида бир йил давомида тажрибадан ўтказилиши белгиланди.

Аввалроқ, Kun.uz саҳифаларида қурилиш соҳасида эскроу тизимини жорий қилишнинг муҳимлиги, долзарблиги ва афзалликлари ҳақида мақола эълон қилинган эди.

Мавзуга оид