Жамият | 13:39 / 13.10.2020
22152
4 дақиқада ўқилади

Агротуризм: Бўстонлиқда Европадан олиб келинган кийиклар боқилмоқда (видео)

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Қоронқўл қишлоғи денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашган. Бу ерда кийикчиликни ривожлантириш учун 176,4 гектар жой ажратилган бўлиб, шундан 87,8 гектар ерда айни пайтда 45 бош Европа кийиги ва 50 бош асл буғу парваришланмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш учун шу пайтгача 1,2 млн доллардан кўпроқ маблағ сарфланган.

Ҳар бир кийик 58 млн сўмдан сотиб олинди, дейди «Corrida Food» оилавий корхонаси иш бошқарувчиси Баҳодир Худойбердиев. Унинг айтишича, кийикчиликни ривожлантиришга қаратилган ушбу лойиҳа Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.

«Испания, Германия ва Озарбайжондан келган мутахассислар бир йил давомида республикамизнинг иқлими, турли фасллардаги об-ҳаво шароитини жиддий таҳлил қилганмиз. Ўрганишлар Бўстонлиқ туманининг денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашган Қоранкўл қишлоғи кийикларни боқиш учун ҳар томонлама мос эканини кўрсатди. Бизнес-лойиҳамизнинг амалга ошишига ишонч ҳосил қилганимиздан кейингина 2018 йилда бу ишга киришдик.

2020 йилнинг январида 2 турдаги кийиклар олиб келинди. Дастлаб 83 бош кийик олиб келинган бўлса, ҳозирги вақтга келиб уларнинг сони 12 бошга кўпайган. Кийикларни Австрия ва Словениядан олиб келганмиз. Улар маҳаллий муҳитга тўлиқ мослашишди.

Кийиклар боқилаётган 24 километрлик ҳудуд Австралиядан келтирилган махсус сим тўсиқлар билан ўраб чиқилган. Уларни айнан Австралиядан олиб келганимизнинг сабаби – бу сим тўсиқлар кийикларни парваришлашга мослаштирилган. Жумладан, уларнинг ортида кийикларга ҳеч қандай йиртқич ҳайвонлар ҳужум қила олмайди, кийиклар ҳам ушбу тўсиқлардан сакраб ўтиб кета олишмайди. Қолаверса, кийиклар уларга келиб урилганда ҳам жароҳатланишмайди», – дея Баҳодир Худойбердиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қўриқхонада туғилган кийиклар 19-20 ой оралиғида улғаяди. Шунда уларнинг ҳар бири 65 килограммдан 180 килограммгача гўшт қилиши мумкин.

«Corrida Food» оилавий корхонаси раҳбари Бахтиёр Ҳожиматовнинг таъкидлашича, Австрия ва Словениядан харид қилинган кийиклар Бўстонлиқ иқлимига тезда мослашган.

«Хориждан катта пул сарфлаб кийикларни олиб келиш ва бу ерда кўпайтиришдан фойда олиш билан бир қаторда Ўзбекистонда борган сари камайиб, деярли йўқ бўлиб кетаётган бу турни сақлаб қолиш, шунингдек, буғу ва кийик шохларидан фармацевтика соҳасида дори-дармон тайёрлаш учун фойдаланиш, кийик гўштидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда зарур озиқаларга бой сифатли гўшт маҳсулотларини етиштириш кўзланган.

Икки-уч йил оралиғида вилоятимиздаги ўрмонларда ушбу ноёб жониворларни ёввойи ҳолда кўпайишига шароит яратиш, хусусан, уларнинг маълум бир қисмини табиат қўйнида эркин яшаши учун қўйиб юбориш ниятидамиз.

Кийикларнинг яна бир ноёб хислати - инсонларга ишонувчан. Шу сабабли ҳам бу ерда агротуризмни ривожлантириш, сайёҳларнинг оилавий келиб бу ерда ҳордиқ чиқаришлари учун шароит яратиш бўйича ҳам режаларимиз бор. Қизиқувчан кишилар келиб, бир неча кун дам олиб, қўриқхонадаги ушбу ноёб жониворлар ҳаётини яқиндан кузатишлари мумкин бўлади», – дейди Бахтиёр Ҳожиматов.

Маълум бўлишича, йирик шохли чорва моллари, қўй-қўзилар яйловларда 25–30 хил гиёҳлар билан озиқланса, кийиклар икки юз хил ўт-ўланларни ейди. Бу улар гўшти ва ёғининг доривор малҳамга айланишига асос бўлади.

Кийик гўшти А, В1, B2, PP, E витаминларига бой бўлиб, Россияда унинг бир килограмми 700–1500 рублгача, Германияда эса 14–25 еврогача сотилади.

Мавзуга оид