«Аукцион ўйинлари» орқали Бўстонлиқдан ер олиб бериш учун 1,5 миллион доллар талаб қилган фуқаро ушланди
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар Тошкент вилоятида ўтказган тезкор тадбирлар давомида давлат захирасидаги 5 гектарга яқин ер майдонларини «мансабдор танишлари» ва «аукцион ўйинлари» орқали олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди.
26 август куни ИИВ Тезкор қидирув департаменти ДХХ, Бош прокуратура иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда Тошкент вилояти Қибрай туманида тезкор тадбир ўтказди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тезкор тадбирда Бўстонлиқ туманидаги Яккатут маҳалласидан 3,5 гектар ҳокимлик захирасидаги ер майдонини «аукцион ўйинлари» ёрдамида олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди. У ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 1,5 миллион доллар талаб қилиб, шундан бўнак сифатида 50 минг доллар олган вақтида ушланган.
Яна бир ҳолатда Қибрай туманида яшовчи икки фуқаро Бўстонлиқ тумани давлат захирасидаги 1,2 гектар қишлоқ хўжалиги экин ер майдонини 384 минг долларга сотишга келишган. Улар юқори лавозимда ишлайдиган танишлари орқали ерни расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 20 минг долларни бўнак тарзида олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
ИИВнинг маълум қилишича, ҳар икки ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.