Марказий банк деноминация ҳақидаги миш-мишларни рад этди
Пул бирлигининг деноминация қилинишига оид ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди, дея маълум қилди Ўзбекистон Марказий банки.
Интернетда тарқалган ва расман рад этилган миш-мишда миллий валютанинг 10000:1 нисбатда янги пул белгиларига алмаштирилиши ҳамда эски ва янги пул белгилари 2025 йилгача параллел равишда муомалада бўлиши иддао қилинган.
“Ушбу хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас, бугунги кунда пул бирлигини деноминация қилиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Марказий банки томонидан кўзда тутилмаган”, – дейилади МБ расмий ахборотида.
Ўзбекистонда деноминация ҳақидаги миш-мишлар ва расмийлар муносабати
Маълумот учун, деноминация – ҳисоб-китобларни ихчамлаштириш мақсадида қоғоз пул номинали (ёзиб қўйилган қиймати)ни пасайтириш ҳисобланади. Бунда катта номиналдаги купюралар янги, кичик номиналдаги купюраларга алмаштирилади.
Ўзбекистонда 1994 йилда сўм-купон 1000:1 нисбатда сўмга деноминация қилинган.
Охирги марта 2019 йилда пул бирлигини янги пул бирлигига алмаштириш масаласи муҳокама қилинган. Ўшанда ҳам ижтимоий тармоқларда янги пул бирлиги 10000:1 нисбатда муомалага киритилиши, пластик картадаги пуллар 2020 йил 1 январдан автоматик равишда тўртта нолни йўқотиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ Марказий банк бу хабарларни рад қилиб чиққанди.
2019 йил бошида қатор ОАВда президент Шавкат Мирзиёев 100 000 сўмлик янги купюрани валютанинг кейинчалик деноминацияси билан чоп этиш тўғрисида кўрсатма бергани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, Марказий банки деноминация бўлмаслигини маълум қилганди.
2019 йил март ойи бошларида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов Ўзбекистонда миллий валютанинг деноминациясини ўтказиш вазифаси қўйилмаганини билдирди.
Аммо шундан кейин 2019 йил июн ойида Марказий банк масъуллари деноминация эҳтимолини рад қилмади.
“Деноминацияни амалга оширишдан мақсад ноллар сонини камайтириш. Деноминация режалаштирилмаган дея олмаймиз. Бу ҳақда ўйлаганмиз. Қачондир деноминация бўлади. Балки 5 йил, балки 10 йилдан сўнг бўлиши мумкин”, – деганди МБ раисининг ўша пайтдаги биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов.
Мавзуга оид
17:46 / 26.12.2024
Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 60 млрд доллардан ошди
19:05 / 25.12.2024
Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонга киришни нега рад этаётгани маълум бўлди
11:21 / 25.12.2024
Марказий банк Исломий молиявий хизматлар кенгашига аъзо бўлди
19:16 / 12.12.2024