Иқтисодиёт | 09:58 / 26.07.2019
39835
3 дақиқада ўқилади

Аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлар бўйича юқори кўрсаткичлар қайд этилган вилоятлар маълум бўлди

Фото: KUN.UZ

Дастлабки маълумотларга кўра, 2019 йилнинг январь-июнь ҳолатига аҳоли умумий даромадлари 153,3 трлн. сўмни, номинал ўсиш суръати 121,7%ни ташкил этди. Бу ҳақда Давстатқўм хабар бермоқда.

Аҳоли даромадлари бўйича реал ўсиш суръатларини ҳисоблашда нарх омиллари таъсирини чиқариб ташлаш мақсадида инфляция кўрсаткичларининг асосий турларидан бири - истеъмол нархлари индексидан (ИНИ) фойдаланилади. Истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли ўтган йилнинг мос даврига нисбатан аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 107,2 %ни ташкил этди. 

2019 йилнинг январь-июнь ҳолатига аҳоли жон бошига умумий даромадлари 4,6 млн. сўмни, номинал ўсиш суръати 119,4 %ни, реал ўсиш суръати эса 105,2 %ни ташкил этди. 

Аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлари бўйича Тошкент шаҳрида (9276,8 минг сўм) ҳамда Навоий (7037,4 минг сўм), Бухоро (5682,8 минг сўм), Тошкент (4791,9 минг сўм) ва Хоразм вилоятларида (4643,9 минг сўм) ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлар қайд этилганлиги кузатилди. 

Аҳоли жон бошига даромадларнинг энг қуйи кўрсаткичлари эса Қорақалпоғистон Республикаси (3348,9 минг сўм) ҳамда Наманган (3437,4 минг сўм) ва Фарғона (3657,4 минг сўм) вилоятларида қайд этилди. 

Аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Тошкент шаҳри (12,6 %) ва Қорақалпоғистон Республикасига (9,4 %) тўғри келади. Шунингдек, Навоий (8,1 %), Сирдарё (6,3 %) ҳамда Андижон (5,9 %) вилоятларида аҳоли жон бошига умумий даромад кўрсаткичларининг реал ўсиши республика даражасидан юқорини ташкил этган. 

Аҳоли умумий даромадлари ҳажмининг сезиларли даражада ўсиши асосан умумий даромадлар таркибида 69,4 % улушга эга бўлган меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар (ёлланма ишчиларнинг даромадлари ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар) ва 24,8 %ни ташкил этувчи трансфертлардан олинган даромадларнинг сезиларли ўзгариши ҳисобига юзага келган. 

Ҳудудларнинг аҳоли умумий даромадлари таркибида меҳнат фаолиятидан олинган даромадларнинг (ёлланиб ишловчиларнинг иш ҳақи ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар) энг юқори улуши Навоий (82,6 %) вилоятида кузатилди. Аксинча, Тошкент шаҳри, Хоразм, Самарқанд, Наманган вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ўртача республика даражасидан паст кўрсаткични ташкил этди. Шунингдек, Хоразм ва Самарқанд вилоятларида трансфертлардан олинган даромадлар аҳоли умумий даромадларига нисбатан 30 %дан юқори улушни ташкил этди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид