Жамият | 16:47 / 11.05.2018
46124
3 дақиқада ўқилади

Давлат божхона қўмитаси ишга таклиф этади

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси божхона идораларига хизматга қабул қилиш учун номзодлар танловини эълон қилди.

Божхона органларида хизмат қилиш истагидаги номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

  • ёши 30 дан ошмаган ўғил болалар;
  • олий маълумотли (иқтисодий, молиявий, юридик, бухгалтерия, банк, божхона иши, савдо, халқаро муносабатлар, ахборот технологиялари, кимё, физика, математика, хорижий тиллар);
  • жисмонан соғлом;
  • теран дунёқарашли, Ўзбекистон ва жаҳон тарихи, адабиётини, жаҳон географиясини биладиган, дунёдаги сиёсий ва иқтисодий жараёнлардан бохабар;
  • характер жиҳатан босиқ, юксак ахлоқ, одоб ва муомила маданиятини ўзига сингдира олган;
  • ҳарбий хизматни ўтаган (ҳарбий кафедра, муддатли ёки сафарбарлик чақирув резерви);
  • ҳарбий хизматга руҳан ва жисмонан тайёр, республиканинг ҳар қандай чегара ҳудудларида хизматни давом эттириш шартига тайёр;
  • божхона ходими деган номга доғ туширмайдиган, хизматни виждонан ва ҳалол олиб борадиган.

Чет тилларидан бирини биладиган (асосан инглиз ва рус), техник воситалар, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдалана оладиган ҳамда давлат идоралари, вазирлик ва ташкилотларда фаолият олиб бораётганлар қўллаб-қувватланади.  

Божхона ходимининг асосий вазифаси – Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва ўз ваколати доирасида унинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларини ҳимоя қилиш, божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш, божхона соҳасига оид ҳуқуқбузарлик профилактикасини амалга ошириш, фуқароларнинг божхона соҳасидаги ҳуқуқий маданиятини ошириш, божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш, қонун ҳужжатлари бузилишининг, шу жумладан контрабанданинг олдини олиш, уни аниқлаш ва уларга чек қўйишдан иборат.

Номзодлар қуйидаги танлов босқичларидан ўтказилади:

  • дунёқараши, эгаллаган мутахассислиги бўйича билим савиясини баҳолаш бўйича коллегиал суҳбат;
  • диктант;
  • жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш мақсадида синов;
  • ҳарбий-тиббий комиссиялари томонидан ўтказиладиган тиббий кўрик.

Мазкур талабларга жавоб берадиган ва божхона органлари хизматига кириш истагида бўлган номзодлар ҳар куни соат 9.00дан соат 18.00га қадар Давлат божхона қўмитасининг барча ҳудудий бошқармаларининг Кадрлар бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.

Номзодлардан мурожаатларни қабул қилмаслик, сабабсиз қайтариш ҳолатлари ёки бошқа таъмагирлик ҳолатларига йўл қўйилган ҳолатларда Давлат божхона қўмитасининг 0371-120-76-33 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилиш сўралади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид